Асл моҳиятни тушуниш зарур
Тик туриб пешоб қилиш
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида бор-йўғи бир марта тик туриб пешоб қилганлар. Бу ҳадисдир, аммо суннат эмас. Расули акрам ҳамиша ўтириб пешоб қилар эдилар ва шу суннатдир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам нега тик туриб пешоб қилдилар? Бу иш масалани ойдинлаштириш учун эди, холос.
Гоҳо инсонга шундай мажбурлик дуч келадики, беморлик сабабидан ўтира олмайди. Бу ҳолда ҳам ҳукм шудир. Йўқса, шароит мавжуд бўлиб турганда, тик туриб пешоб қилиш суннатга хилофдир. Бу биздан бошқаларнинг йўлидир.
Ҳазрат Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо айтадилар: “Кимки сизларга, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб пешоб қилганлар, деса, асло уни тасдиқ қилманглар. У киши(нинг одати шарифлари) фақат ўтириб бавл қилар эдилар”(“Сунани Термизий”, 12-ҳадис).
Шайхул ҳадис Саид Аҳмад Болонпурий айтади: «Нью-Йоркнинг бир масжидида бир бемазҳаб ҳадисдан таълим бераётган эди, у тик туриб пешоб қилиш ҳақидаги ҳадисни ривоят қилиб: “Тик туриб пешоб қилиш суннатдир, бу ҳадисдан очиқ-ойдин кўриниб турибди”, деди. Шунда жамоатдан бир одам: “Тақсир, бу суннат фақат эркакларгами ёки аёлларга ҳамми?” деб сўради У “билағон” карахт бўлиб қолди».
Шу ўринда суннат билан ҳадиснинг фарқи маълум бўлади. Демак, ҳар бир ҳадис ҳам суннат бўла олмас экан. “Мен аҳли ҳадисман” деб, ҳадиснинг сабаби, шарҳи ва ҳикматига диққат қилмасдан, одамларни гумроҳликка солиб қўйиш мумкин экан. Аллоҳ асрасин!
Ҳайз кўрган хотинининг ёнида ётиш
Бир гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз кўрган Ойша розийаллоҳу анҳо сиддиқага: “Лунгини боғлаб, менинг ёнимда ётгил”, дедилар. Ҳадис ушбудир: Ҳазрат Ойша онамиз розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ҳайз кўрган пайтимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга лунги боғлаб (ҳайз кийими кийиб) олишни буюрардилар, кейин ёнимда ётар эдилар” (“Сунани Термизий”, 132-ҳадис).
Бу суннат эмас, балки масаланинг баёни учун эди.
Воқеа бундай бўлган эди. Набий алайҳиссалом ва ҳазрат Ойша розийаллоҳу анҳо бирга ётган эдилар, кечаси Ойша розийаллоҳу анҳонинг ҳайзлари бошланиб қолди. У киши оҳиста турдилар. Бундай вақтда одатда аёллар латта ва бошқа нарсаларини боғлаб олишади. Жаноб Расулуллоҳнинг кўзлари очилди: “Нима, одатинг бошландими?” дедилар. Ойша онамиз: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедилар. Жаноби Расулуллоҳ айтдиларки: “Боғлайдиган латтангни боғла, сўнг лунгингни кийиб, ёнимда ёт”, дедилар. Чунки кеча ярим бўлган эди, уйда чироқ йўқ эди, Масжиди Набавийда чироқ бўлмагач, уйда чироқ бўлармиди! Шунинг учун: “Лунгингни боғлаб, мен билан ётавер”, дедилар. Бу ҳаётларида бир марта бўлган эди ва ўша ҳолатнинг баёни эди, суннат эмас эди. Ҳазрат Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо қачон бу воқеани баён қилсалар: “Сизлардан қайси бирингиз ўз хоҳишларини жиловлай оларди?” дер эдилар.
Эр ҳайз кўрган хотинига қанча яқин бўла олади?
Бу масала шундайки, Пайғамбар алайҳиссалом уни ўзларининг амаллари билан татбиқ қилиб кўрсатдилар. Ҳайз борасида Қуръони каримда оят бор: «Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз!” (Бақара сураси, 222-оят).
Яъни: “Ҳайз ёқимсиз ҳолатдир. Ҳайз ҳолатдаги хотинга яқинлик қилиш сўзак (гонорея) касаллигини пайдо қилади ва хотинга ҳам зарар етади. Шунинг учун ҳайз вақтида хотинлардан алоҳида бўлинглар ва пок бўлмагунларича уларга яқинлашманглар”, деганидир.
Қанчалик узоқ туриш керак ва қанчалик яқин туриш керак? Ўша замонларда яҳудийлар одатига кўра, ҳайз кўрган аёл алоҳида хонага киритилиб, унинг хонасига эркак киши кирмас, ҳатто у тайёрлаган овқатни бирор киши емас эди. Бугун ҳам яҳудийларнинг одати худди шундай. Шунинг учун саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сиз бизга яҳудийларга мухолифат қилинглар дейсиз, биз ҳам хотинларга ҳайз ҳолатида яқинлашмайликми?” Шу воқеадан сўнг оят нозил бўлди ва унда ҳукм берилдики: “Ҳайз вақтида хотинлардан алоҳида бўлинглар ва пок бўлмагунча, уларга яқинлашманглар”.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам оятнинг тафсирини баён қилдилар.
1. Ҳазрат Ойша розийаллоҳу анҳо ҳайз ҳолатида бўлганларида ҳазрат Расули акрам у зот билан битта идишда овқатланар эдилар. Маълум бўладики, шу жоиз экан.
2. Ҳазрат Ойша розийаллоҳу анҳо гўшт бўлагининг ярмини еб бўлганларида Расули акрам онамизнинг қўлларидан олиб едилар. Маълум бўладики, шу ҳам жоиз экан. Ўша бир парча гўштга Ойша розийаллоҳу анҳонинг сўлаклари теккан эди ва шу билан бирга Расули акрам уни едилар. Бундан маълум бўладики, ҳоизанинг оғиз суви ҳам пок экан, модомики, оғиз суви пок бўлса, тер ҳам покдир.
3. Жаноби Расули акрам эътикофда ўтирганларида, масжиддан бошларини ҳужрага чиқарар эдилар, ҳазрат Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо пастга тоғора қўйиб, ул зотнинг муборак бошларини ювиб қўяр ва сўнг қуритиб, ёғ суркаб, сочларини тараб ҳам қўяр эдилар. Буларнинг ҳаммасини онамиз ҳайз ҳолатида ҳам бажарар эдилар. Маълум бўладики, хотин киши ҳайз ҳолатида эрининг хизматларини бажариши мумкин экан.
4. Юқорида зикри ўтган воқеада жаноби Расули акрам: “Лунгини боғлаб, мен билан ёнимда ётавер”, дедилар. Бинобарин, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ наздида масала шуки, ҳайз вақтида аёлининг киндигидан тиззагача бўлган қисмига қўл теккизиш жоиз эмас. Чунки суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ойша онамизнинг ҳайз ҳолатларида ундан зиёдаси бўлган эмас.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Суннат ва ҳадис” китобидан
Ислом нури газетасидан