Ширин сўз асалдек тотли бўлади
Ислом дини инсонларни покликка, ғазабни жиловлашга, кечиримлилик, ҳалимлик, камтарлик, бағрикенглик сингари гўзал фазилатларга тарғиб қилади. Зеро, яхши одоб соҳибларининг ҳамиша юзи ёруғ, мартабаси улуғ, қадри баланд бўлади.
Исломда ҳалимлик ва хушмуомалалик гўзал одоблардан ҳисобланиб, у юмшоқлик, босиқлик, беозорлик, раҳмдиллик маъноларини ўзида намоён этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир», деб марҳамат қилади (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Аллоҳнинг бундай мақтовига ва марҳаматига муяссар бўлишни истовчи инсон юртига манфаат етказиши, Ватанининг корига яраши, маҳалла-кўй ва қўни-қўшнилардан ўз ёрдамини аямаслиги, ёрдамга муҳтож, етим-есир, бева-бечораларнинг ҳожатини чиқариши, яхши ва ёмон кунларида улар билан бирга бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида ҳалимлик сифати билан сифатланиши ҳам бу фазилатнинг нақадар улуғ даража эканига далолат қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Билиб қўйингизки, албатта, Аллоҳ кечиримли ва ҳалимдир» (Бақара сураси, 235-оят).
Пайғамбар башариятга намуна бўлиб, ҳалимлик уларнинг ажралмас сифатларидан саналган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одоб-ахлоқ борасида ҳам барча пайғамбарларнинг имоми, етакчиси эканлари маълум.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўради. Мулойимлик учун қўполликка бермаган нарсани беради”, дедилар.
Демак, Аллоҳ таоло мулойимликка алоҳида ажр-савоб ва мукофотлар беради.
Лекин, афсуски, баъзан хушмуомала ва мулойимликдан кўра, қўполлик ва дағаллик қилишни лозим кўриб қоламиз.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аъша Абдулқайсга: “Сенда икки хислат бордир. Аллоҳ ўша хислатингни яхши кўради. Улар ҳалимлик ва босиқликдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга дўзахга ҳаром кишининг ёки дўзах унга ҳаром бўлган кишининг хабарини берайми? У биродарларига ҳожат вақтида яқин турадиган, тавозели ва мулойим кишидир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу хислат Навоийнинг “Тил ширинлиги – кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса – фойдали. Чучук тил аччиққа айланса, кўпчиликка зарари тегади; ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам – ҳолвафуруш каби севимлидир” каби ҳикматларида ҳам ўз аксини топган.
Одоб-ахлоқи гўзал, маърифатли кишилар муомала маданиятида ҳаммага намуна бўла олади. Хушмуомалалик, беозорлик, мулойимлик, ҳаё-иболилик уларнинг ҳуснига ҳусн, обрўсига обрў қўшади. Шарқ халқлари адабиётида муомала маданиятининг мезонлари, одоби ҳақида кўп айтилган. Саъдий Шерозий буни жуда ажойиб тарзда ифодалаган:
Ширин сўзли шилгай душман
пўстини,
Дағал сўзли душман қилгай
дўстини.
Жарир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликларнинг барчасидан маҳрум бўлибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳалим киши даставвал ўзгани эмас, ўзини енга олган киши ҳисобланади. У нафсига эрк бермайдиган, бўлар-бўлмас нарсаларга ғазабланмайдиган, ширин сўзли, хушфеъл ва сабрли кишидир.
Демак, ҳар биримиз барча инсонлар билан муомалаларда оғир-вазмин, ҳалим, босиқ бўлишимиз керак.
Шамсуддин БАҲОУДДИНОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси
“Ислом нури” газетасидан