Қуръон ўқиш олдидан қандай ният қилинади?
Аксарият мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни фақат савоб ва ажр умидида ўқишади. Аслида, Қуръони каримнинг фойдали жиҳатлари, манфаатли томонлари жуда кўп.
Ҳар ким ҳар гал Қуръони каримни эзгу ният билан ўқиса, улуғ фазилат ва савобларга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилгани бўлади…” дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим ҳаётимиз дастури, умримиз мазмуни, охиратимиз учун савоблар манбаидир. Шу нуқтаи назардан Қуръон ўқиш арафасида эзгу ният қилиш худди тижоратдаги каби мўл фойда гаровидир.
Қуръон ўқимоқчи бўлган қуйидагиларни ният қилиши керак:
1) Қуръонни савоб олиш мақсадида ўқинг. Ҳатто ҳар бир ҳарфга 10 савоб ёзилсин. Чунки Аллоҳ хоҳлаган бандасига ажрларини кўпайтириб беради;
2) Қуръонни қиёмат куни Каломуллоҳ шафоатига ноил бўлишни умид қилиб ўқинг;
3) Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларига риоя қиляпман, деган ниятда ўқинг. Чунки у зот алайҳиссалом: “Қуръон ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар;
4) Қуръонни Аллоҳ даража ва мартабамни кўтаради, менга манфаат беради, деган ниятда ўқинг;
5) Қуръонни жаннатда даражаларим кўтарилади, деган ниятда ўқинг. Чунки ҳадиси шарифда: «Қиёмат куни Қуръон соҳибига: “Ўқи ва кўтарил. Дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади”, дейилади» (Имом Абу Довуд ривояти);
6) Қуръонни қиёмат куни иззат тожини кийиш мақсадида ўқинг;
7) Қуръонни Аллоҳнинг зикри ва у Зот билан бирга бўлиш, оламлар Раббига яқинлашиш мақсадида ўқинг. Ҳадиси қудсийда: “…бандам мени зикр қилганда, Мен у билан биргаман…” (Имом Муслим ривояти), дейилган;
8) Қуръонни Аллоҳнинг аҳли бўлиш ва у Зотнинг хос бандалари қаторидан жой олиш мақсадида ўқинг;
9) Қуръонни дўзахдан ва Аллоҳнинг азобидан нажот топиш ниятида ўқинг;
10) Қуръонни ўзингиз ва оила аъзоларингизни сеҳр-жодудан, шайтон ва жинларнинг ёмонликларидан паноҳ тилаш ниятида ўқинг;
11) Қуръонни Мусҳафга қараб ўқиш ибодат эканлиги учун ўқинг;
12) Қуръонни Аллоҳ ҳузурида фазл ва яхшиликларга эришиш ниятида тиловат қилинг;
13) Қуръонни овозингизни гўзал, ҳидингизни хушбўй қилиш ниятида ўқинг;
14) Қуръон ўқинг. Чунки Қуръон қироати билан Аллоҳ таоло маҳзунликларни кетказади, ғам-андуҳлардан асрайди;
15) Қуръонни Аллоҳ таоло ҳожатларимни раво қилади, дуоларимни ижобат этади, деган ниятда ўқинг.
Толиб НИЗОМ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасидан.