Тиллар ва ранглар нега бир хил эмас?
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
وَمِنْ آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافُ أَلْسِنَتِكُمْ وَأَلْوَانِكُمْ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّلْعَالِمِينَ
«Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару Ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир» (Рум сураси, 22-оят).
“Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару Ернинг яратилиши…” Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Оят Парвардигорнинг рубубияти ва улуҳиятига ёки қиёмат куни қайта тирилишга далилдир. Осмонларнинг яратилиши, уларнинг ҳавода муаллақ туришида оят-белгилар бордир. Осмонлар ва Ер Аллоҳ таолонинг яратиғидир. Осмонларнинг бу ҳолатини инсоннинг хатти-ҳаракати ва қудрати маҳсули сифатида тасаввур этиб бўлмайди. Худди шу каби, Ернинг яратилиши, ёйилиши, сув ва шамолда барқарор туриши инсоннинг куч-қудратидан ташқари ҳодисадир. Инсонлар осмонлар ва Ернинг ҳолатини тасаввур қила олмаганлари учун қайта тирилишни инкор этадилар”.
“Ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир”. Яъни, тилларингизнинг турлича бўлиши ҳам Аллоҳ таолонинг борлиги исботидир. Боиси тиллар яратилишдан эмас, балки сўзлашув жиҳатидан фарқ қилади. Айнан бир хил товуш ёки нутқнинг ўзи йўқ.
Мўътазилийлар: “Бандаларнинг сўзлари яратилган эмас, бунга Аллоҳнинг ҳеч қандай таъсири йўқ”, дейди. Агар инсонларнинг турли тилда гапиришларида Парвардигорнинг таъсири бўлмаганда эди, Унинг борлигига доир далиллар оятда баён этилмасди. Аллоҳнинг яратиш қудратининг таъсири Унинг борлигига далилдир.
Шунингдек, одамлардан ғазабнок, хурсандлик ва тинч ҳолларида содир бўладиган ўзгаришларда, рангларнинг фарқланишида Парвардигорнинг илоҳлиги ва Раблигига далиллар бор. Аллоҳ осмонлар, ер, тил ва рангларнинг турлилиги Зотига далолат қилувчи далиллардан эканини таъкидлайди.
Таъвил аҳли бундай дейди: “Тилларингиз турлича” – араб, форс, турк ва бошқа тиллар. “Рангларингизнинг турлича…”, яъни оқ, қизил, қора танли инсонлар”.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оятнинг тафсирида айтади: “Аллоҳ таоло дунё пайдо бўлишидан қиёматга қадар одамни яратар экан, ҳар бирига икки кўз, икки қош, лаб, бурун ва оғиз каби аъзоларни беради. Аммо бир кишининг аъзолари бошқа одам аъзолари билан айнан бир хил бўлмайди. Кишиларнинг ташқи кўриниши, тана тузилиши бир-биридан фарқ қилади. Улар гапиришининг ўзига хос услуби бор. Шунингдек, кўриниши ҳам айнан бир хил эмас. Агар инсонлар гўзаллик, хунуклик каби сифатларда айнан бир хил бўлишса, биридан бошқасини ажратувчи бирор белгига эҳтиёж сезиларди”.
Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий алайҳиссалом айтадилар: “Аллоҳ таоло инсонни Ернинг ҳар маконидаги тупроқдан бир ҳовучдан олиб яратди. Одам болалари ерда вужудга келдилар. Шунинг учун уларнинг (ранги) оқ, қизил, қора (танли) ва буларнинг ўртасида бўлган рангдагиси ҳам бор. Яхши-ёмон табиатлиси ва иккисининг орасидагилари бор. Хушчақчақлар ва ғамгинлар ва булар орасидагилар бор”» (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Маҳмуд Замахшарий раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида айтади: “Тил ва нутқлар орасида бир-бирига ўхшамайдиган жиҳатлар бор. Худди шу каби рангларнинг турличалиги сабаб инсонларнинг ўзаро танишиши жорий бўлган. Агар инсонлар тили ва ранги бир хил бўлганида эди, бир-бирини танимас, ўзаро манфаатлар йўққа чиқарди. Масалан, эгизакларни бир хил кийимда бир-биридан ажратиш қийин. Либос бўлмаганда эса, улар орасидаги фарқни ажратиш имконияти кўпроқ.
Оятда инсонлар бир она – Момо Ҳавводан туғилиб, фақат Аллоҳ таоло биладиган сабабларга кўра, кўп нарсада бир-биридан фарқ қилади. Бунинг ҳам ҳикмати кўп”.
“Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир”. Яъни, илмидан фойдаланган олимлар учун далиллар бор. Яна: “Тафаккур билан фикрлайдиган инсонлар учун далиллар бор. Чунки тафаккур ва тадаббур қилган киши оятдаги далилни англаб олиши мумкин”.
Абу Мансур Мотуридийнинг
“Таъвилот аҳл ас-сунна”,
Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф”,
Ибн Касирнинг “Тафсийрул Қуръанил азийм” асарлари асосида
Бадриддин қори ФАЗЛИДДИНЗОДА
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналидан