Мулойимлик – қалб безаги
Аллоҳ қайси бир кишига яхшиликни ирода этса, унга мулойимлик хислатини бериб қўяди. Ўзига Аллоҳдан яхшилик етишини умид қилган инсон У Зотдан ҳилмни сўрамоғи лозим дейди уламолар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни яхши кўради, қўполлик учун бермайдиган нарсасини мулойимлик учун беради», деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Афсуски, кўпчилигимиз мулойимликни ожизлик деб ўйлаймиз. Аслида, мулойимлик заифлик эмас, аксинча, куч-қувватдир. У ҳуқуқлардан воз кечиш, ҳар қандай таҳқирни индамай қабул қилиш, адолатсизликка қарсак чалиш дегани эмас. Балки ҳақиқатни баралла айтишда, ғурурни асрашда, дину диёнатни тутишда, ислоҳотларда ақл-идрок, босиқлик, вазминлик билан ҳаракатланиш демакдир.
Сув мулойимлиги боис тошни ҳам, темирни ҳам тешиб ўтади ва барчага ҳаёт бахш этади. Тош қаттиқ бўлгани билан қаршиликларга учраб, парчаланиб кетади.
Мулойимлик туфайли душман дўстга айланса, қўполлик дўстни ғаним қилади.
Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир асов туяда кетаётган эдим, уни ура бошладим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доим мулойим бўлгин. Зотан, мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб ташланса, уни нуқсонли, хунук қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло мулойимликка кўрк, чирой берган. Шу боис у, илоҳий тортиқ ҳисобланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мулойимлик яхшилик башоратидир, қўполлик эса шумликдир. Аллоҳ бирор хонадон аҳлига яхшиликни ирода қилса, уларга мулойимлик эшигини очиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Мулойимликнинг юксак самаралар беришини Ислом тарихида содир бўлган Ҳудайбия сулҳи мисолида кўришимиз мумкин. Ўша воқеада Набий алайҳиссалом душманнинг адолатсиз талабларига мулойимлик билан рози бўлдиларки, ҳатто баъзи саҳобалар бунга чидай олмай, ошкора эътироз билдиришгача боришди. Чунки бу ҳолат кўпчиликка мағлубиятдек кўринди. Аммо кейинчалик бу иш нафақат мағлубият, балки буюк фатҳ эканлиги маълум бўлди.
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу набавий хислат билан зийнатланиб, уни суннатга мувофиқ ҳаётга татбиқ этиб боришимизда мададкор бўлсин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани
“Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналидан