Суннатнинг ўлчови саҳобаларнинг амалидир
Набий алайҳиссалом қилган амаллар суннат эмас, ҳадис эканини қандай биламиз? Саҳобаларнинг амалидан. Саҳобалар унга амал қилганми ёки қилмаганми? Агар амал қилган бўлса, у суннатдир, акс ҳолда, у амал маслаҳат (яъни, ишнинг салоҳи учун қилинган) бўлади. Қайси бир саҳоба тик туриб пешоб қилган? Ва бирорта воқеа йўқки, бирор саҳоба боласини қучоғига олиб, масжидга кириб намоз ўқиган бўлса. Ахир суннатга саҳобалардан ҳам зиёда ошиқ киши бормиди?!
“Сунани Термизий”да ҳадис келади: Убайдуллоҳ Нофиъдан, у Ибн Умардан ривоят қилган, у киши айтадики: «Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу: “Мусулмон бўлганимдан бери тик туриб пешоб қилмадим”, дедилар». Бу ҳадисни Ҳайсамий “Мажмаъуз завоид” китобида (1:206) нақл этган ва уни Баззорга нисбат берган. Ровийларининг ишончли кишилар экани алоҳида таъкидланган. Агар бу амаллар суннат бўлганида, саҳобалар, албатта, уларга амал қилган бўлар эдилар. Бас, шу бизга мезондирки, бу ҳадислар суннат эмас.
Пайғамбар алайҳиссалом бу амалларни қайсидир маслаҳат билан ёки вазият тақозосига кўра, яъни бир ишнинг ислоҳи учунгина қилганлар.
“Ислом нури” газетасидан