Бировнинг ҳақини ноҳақ олиш ҳаромдир
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши ўзгани мажлисдан турғазиб юбориб, кейин ўзи (унинг ўрнига) ўтириб олмасин. Балки силжиброқ ўтиринглар, кенгчилик қилинглар”, дедилар.
“Бир киши ўзгани мажлисдан турғазиб юбориб, кейин ўзи (унинг ўрнига) ўтириб олмасин”. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажлисда бирор инсонни ўрнидан турғазиб юбориб, унинг ўрнига ўтириб олишдан қайтармоқдалар. Боиси ушбу ҳолат нафрат, адоват, ёмон кўришга сабаб бўлиши мумкин. Набий алайҳиссалом мусулмонлар орасида ўзаро муҳаббат ва дўстлик ҳис-туйғуларини мустаҳкамлашга ҳарис эдилар. Шунинг учун нафрат ва адоватга олиб борувчи амаллардан қайтардилар.
Ҳадисдаги қайтариқ жамоавий ва мубоҳ (илм каби) мажлисларга хосдир. Жамоат мажлисларида, зарар кўриш эҳтимоли бўлсагина, ҳадисдаги қайтариққа амал қилмаслик жоиз. Масалан, масжидга саримсоқ еб келганга, илм ёки маҳкама мажлисига кириб келган мажнун одамга кенгчилик қилиб жой бериш, туриб кетса жойини сақлаб қўйиш шарт эмас. Чунки мажнун илмдан манфаат олмайди, маҳкама ишини ҳам тушунмайди. Масалан, бир одам маълум кишиларни саралаб меҳмонга чақирди. Таклиф этилганлар билан бирга чақирилмаган меҳмон келса, унга жой бериш, туриб кетса, жойини сақлаб қўйиш шарт эмас. Боиси у шариатга зид иш қилди.
Ҳадисдаги қайтариқ ўзгалар ҳақига риоя этиш; адоват ва нафратни қўзғатишдан тийилиш; муҳаббат учун зарур бўлган камтарликка қизиқтиришга василадир. Мубоҳ нарсаларда барча инсонлар тенгдир. Ким бирор нарсага ҳаммадан олдин эришса, фойдаланиш унинг ҳақидир. Ким бирор нарсага ҳақли бўлса-ю, ундан ўша нарсани ўзга киши ноҳақ тортиб олса, ғасб бўлади. Ғасб эса ҳаромдир.
“Балки силжиброқ ўтиринглар, кенгчилик қилинглар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар мажлисда ўтирганларида янги келган кишига жой беришдаги намунали ва муносиб йўлга тарғиб қилмоқдалар. Бу ҳам бўлса, келган кишига сурилишиб жой бериш билан унга ҳурмат кўрсатишдир. Шунингдек, янги кириб келган киши у ердагиларга: “Сурилинглар”, дейиши мумкин.
Ушбу ҳадиснинг ровийси Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо бирор киши мажлисда ўрнидан туриб, жой берса, у ерга ўтирмасди. Чунки у зот жой берган одам чин кўнгилдан эмас, балки уялиб ўрнини бўшатиб берганлик эҳтимолини назардан қочирмасди.
Манбалар асосида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ҳошим АМАНОВ тайёрлади.
Ҳидоят журналидан