У қадар яшасам…
Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматкори Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва саллам мадиналик мусулмонлардан Бусайса ибн Амрга Абу Суфён жўнатган тижорат карвони ҳақида маълумот тўплашни топширган эдилар. Бусайса орқага қайтиб келганида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларида мендан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бусайса кўрганларини Расули акромга сўзлаб берди. Шундан кейин Аллоҳнинг Расулиси ташқарига чиқдилар ва асҳобларига:
– Қилишингиз керак бўлган бир иш бор, кимнинг улови тайёр бўлса, биз билан бирга юрсин, – дедилар. Баъзи саҳобалар бироз узоқроқда бўлган уловларини келтиришга изн сўрадилар. Бироқ Расули акром:
– Йўқ, бўлмайди, Улови тайёрлар биз билан бирга юрсин, – дедилар. Сўнгра Пайғамбар алайҳиссалом билан асҳоблари йўлга чиқиб, Бадрга мушриклардан олдин етиб бордилар. Кейин мушриклар етиб келди. Шунда Аллоҳнинг Расули:
– Мен изн бермасимдан ҳеч қайсингиз бирор иш қила кўрманг, – деб буюрдилар. Бу орада мушриклар яқинлашиб келди. Шу чоқда Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва саллам хитоб қилдилар:
– Эни осмонлар билан ер қадар кенг бўлган жаннатга кирмоқ учун қўзғалинг!
Анас сўзини бундай давом эттирди: Мадина мусулмонларидан Умайр ибн Ҳумам розияллоҳу анҳу:[1]
– Эй Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг кенглиги осмонлар билан ер қадарми? – деб сўради.
Пайғамбар алайҳиссалом:
– Ҳа, шундай, – дедилар. Умайр:
– Қандай ажойиб, қандай яхши, – деди.
Расули акром соллалоҳу алайҳи ва саллам:
– Нега бундай деяпсан? – деб сўрагандилар. Умайр:
– Аллоҳ қасамки, ё Расулуллоҳ, жаннатдагилардан бўлишни истаганим учун шундай дедим, бошқа мақсадим йўқ, – деди.
Расули акром:
– Шубҳасиз, сен жаннатисан, – дедилар.
Умайр турвасидан бир нечта хурмо чиқариб ея бошлади. Сўнгра ўзига ўзи: “Агар шу хурмоларни еб бўлгунимча яшасам, бу жуда ҳам узун умр бўлади”, деб қўлидаги хурмоларни ерга ташлади, ўрнидан турди ва мушриклар билан шаҳид бўлгунига қадар жанг қилди[2].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] 1-Пайғамбар алайҳиссалом ҳижратдан сўнгра бир муҳожир билан бир ансорни биродар қилганларида ушбу ҳодисанинг қаҳрамони Умайр ибн Ҳумам розияллоҳу анҳуни жуда ҳам қадрлаган Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйган эдилар. Илк мусулмонлардан бўлган Убайда ибн Ҳорис мазкур жангда ҳазрати Ҳамза ва ҳазрати Али билан биргаликда душман билан жанг қилган уч қаҳрамоннинг бири эди. Умайр ибн Ҳумам эса жангда Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган илк қаҳрамон бўлди.
[2] Муслим, Имора, 145; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 163-137; Ҳоким, ал-Мустадрақ (Ато), III, 481; Заҳабий, Сияру аламийн-нубало (Арнаут), I, 256; Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ал-Исаба (Бижавий), IV, 715-716