Ризқнинг тор, умрнинг қисқа бўлиши нимадан?
Кейинги пайтларда одамлар яхши яшаш, бойлик орттириш йўлида юз-хотир, меҳр-оқибат каби тушунчаларни унутмоқдалар. Лекин тўпланаётган бойлик вақти келса, яқин инсоннинг бир оғиз ширинсўзичалик тасалли бўла олмаслиги англашилмаяпти.
Яқинда бир отахон оламдан ўтиб, унинг қабри совумасдан, икки ўғли ер талашиб ёқалашди. Бу машмашалар ҳовури пасаймасдан маҳаллада яна бир оилавий низо ҳақидаги хабар тарқалди. Жиянига яхши ниятда қарз берган амаки пулдан дарак бўлавермагач, ўз жигарини судга берибди. Суд залидаги ҳолат ниҳоятда аянчли эди. Бир ота-она фарзандлари бир-бирига терс бўлиб, туғишганларини ёмонотлиқ қилиш билан овора. Ота-бола, ака-ука, яқин қариндош, қўни-қўшниларнинг ер, мерос талашиш ёки қарз сабаб судлашишлари бизга ёт бўлиши керак.
Ўйлаб қаралса, тортишишга сабаб бўлаётган еру мол-дунё инсондан устун эмас. Вақти келганда ўрни ҳам тўлиб кетади. Бироқ томонларнинг оқибатини ўйламасдан қилаётган бундай хатти-ҳаракатлари натижасида қариндошлик муносабатларига дарз кетиб, оилаларни бир-бирига душман, ҳатто йиллар мобайнида юзкўрмас бўлишига сабаб бўлмоқда.
Динимиз таълимотида киши ўз нафсини жиловлаши, мол-дунёга ҳирс қўймаслиги кўп бор такрорланиб, яқинларига меҳр-оқибатли бўлишга даъват этилган.
Демак, бу дунё бойликлари фақат одамзод эҳтиёжи учунгина яратилган. Ундан фойдаланиш керак, холос, тўплаб-йиққан билан вафо қилмаслиги тайин. Бу ҳақда қанча гапирилмасин, жума мавъизаларида айтилмасин, барибир нафс қурғур йўл бермаяпти. Қариндошлик алоқаларини узиш, орага совуқчилик тушиши ёмон оқибатларга олиб келмоқда.
Ҳадиси шарифларда силаи раҳм қилиш тарғиб этилиб, қариндошлик ришталарини узмасликка чақирилади. Жубайр ибн Мутъим розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди”, деганларини эшитганман», дедилар. Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ораларида қариндошлик алоқасини узган кимса бор қавмга раҳмат тушмайди”; “Аллоҳ таоло бу дунёда уқубатини тезлатиб, охиратга ҳам олиб қўйишига лойиқ гуноҳ қариндошлик алоқасини узиш ва боғийликдир”, дейилган.
Уламоларимиз бу ҳадисларни шарҳлар экан, қариндошлари билан алоқани узган кимса охиратда жуда оғир аҳволга тушиб, унинг биронта яхши амали, ҳатто ҳаж ва умралари ҳам қабул бўлмайди, дейдилар. Бундай банда Аллоҳнинг раҳматидан буткул бенасиб қолиб, унинг касри барча яқинлари, қавм-қариндошлари ва маҳалладошларига таъсир этади. Шунинг учун ҳар бир қавм ораларида бундай кишилар бўлмаслиги учун доимо яқинларини силаи раҳмга ундаб туриши лозим.
Ота-боболаримиз қариндошлик ришталарини муҳим санаб, яхши-ёмон кунларда доимо елкадош бўлиб, борди-келдини узмаганлар. Шу боис хонадонларда файз-барака, кишилар орасида меҳр-оқибат кучли бўлган. Бу урф-одатлар яқин йилларгача ҳаётимизни безаб турарди. Бугун эса қариндошлар тугул ота-она, ака-укалар билан ҳам борди-келди масалаларига ҳавас қилиб бўлмайди. Чунки барча муносабатлар телефону виртуал тармоқларга кўчган. Орамизда силаи раҳм – қариндошларга ғамхўрлик қилиш ва меҳр-эътиборли бўлиш сусаяр экан, Аллоҳнинг раҳматидан қандай умидвор бўламиз?
Наҳл сурасининг 90-оятида бундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузғунчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур!”
Демак, қариндошларни зиёрат қилиш ва ҳадялар улашиш, борди-келди қилиб туриши вожиб. Агар инсон ҳадя беришга қодир бўлмаса, зиёрат қилиши, бирор юмушига кўмаклашиши, ҳолидан хабар олиши лозим. Буни ҳам иложи бўлмаса алоқа воситалари орқали боғланиб туриши керак, дейилади.
Хулоса шуки, ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблаган одам “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин…” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари);“Ким ризқи кенг, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари), деган ҳадисларга қатъий амал қилиши шарт. Шунда Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлиб, умри узун, ризқи бутун бўлади.
Хатирчи тумани
«Учқора» жоме масжиди имом-хатиби Абдуғани УМАРОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналидан