Отага тик боқма…
Ўғлининг ўқишига пул топиш учун совуқ ўлкаларга бориб меҳнат қилди. Намхуш, зах конда оғир ва зарарли ишларни бажарди. Ўғли олий таълимни тамомлаб, шаҳарда қолди. Ота ишини давом эттиришга мажбур бўлди.
У юборган пулга ўғил уй сотиб олди. Ота қишлоққа қайтганида ўпкаси қаттиқ шамоллаган эди. Узоқ даволанса-да, кор қилмади – совуқ ва зах ишини қилиб қўйган экан.
Қишлоқ шифокорлари шаҳарга боришни тавсия қилишди. Бемажол беморга шаҳарда ҳам қийин бўлди. Нафас олиши тобора оғирлашиб, дарров чарчаб қоларди.
Ўғил тузукроқ ишга ўтган эди. Отасининг саломатлигини эмас, кетган вақтини ўйлаб сиқиларди. Бечора қария навбатдаги врач ҳузуридан чиққанида ўғил қўл телефонида асабийлашиб гаплашаётганди.
Ота уни кўзлари жавдираб кутиб турди. Ўғил гаплашиб бўлиб, қовоғини уйиб қаради. Ота даволаниш учун катта пул кераклигини айтганида, ўғли тутақиб кетди. Кимни ҳақорат қилгани номаълум, аммо у отасининг кўзларига тик қараб гапирган эди.
Отани йўтал тутди. Аслида кўз ёшларини яшириш учун ёлғондан йўтала бошлаган эди… Кечга бориб жони узилди…
Анвар НАМОЗОВ
“Ҳидоят” журналидан