“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” китоби чоп этилди
Рабиул аввал ойида суюкли Ҳабибимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топганлар. Шу муносабат билан Рабиул аввал ойида бутун Ислом уммати у зот алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўрганади, салавотлар айтади, шаънларига мавлуд ўқийди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз токи мен унга фарзандидан, отасидан ва барча инсонлардан севимлироқ бўлмагунимча ҳаргиз мўмин бўла олмайди”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойни муносиб қаршилаш ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини юртдошларимизга равон, содда ва таъсирчан тарзда етказиш мақсадида муфтий Нуриддин домла Холиқназаров “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ!” номли китобини таълиф этди. Унда Набий алайҳиcсаломнинг туғилганларидан то Рафиқул аълога кўтарилган кунларига қадар Ислом тарихида чуқур из қолдирган воқеалар келтирилган.
Албатта, у зотнинг ҳаётлари ва инсониятга берган манфаатлари жилд-жилд китобларга сиғмаслиги тайин. Шундай бўлса-да, мазкур нашрда Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётидаги энг муҳим лавҳалар қамраб олинган. Уни ўқувчи равон тилига ва воқеалар кетма-кетлигига берилиб, бир нафасда мутолаа қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юргандек бўлади.
Айниқса, китоб бошида у зотнинг дунёга келишлари ва болалик чоғларидаги воқеалар қалбингизни ёриштириб, Расулуллоҳ алайҳиссалом билан боғлиқ илоҳий мўъжизалар билан таништиради:
“Маккага келишда ҳаммадан ортда қолиб кетган эшак қайтишда биринчилардан бўлиб етиб келди. Ҳалима уйига кириши билан хушхабарлар эшита бошлади. Болалари югуриб келиб: “Қўйларимиз қўзилади, уйимиз баракага тўлди”, дейишди. Бироқ қўзилайдиган қўйлари йўқ эди. Ҳеч ким нима бўлаётганини тушунмасди. Фақатгина Ҳалима онамиз биларди, холос. Хаста сийнасига сут келишига сабабчи бўлган нурюзли гўдак унинг хонадонига барака олиб кирган эди.
Айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сутдан чиқиб, Ҳалиманинг уйини тарк этгунларига қадар бу оила бирор нарсага муҳтож бўлмаган”, дея баён қилинади китобда.
Китоб мутолааси давомида Набий алайҳиссаломга Ислом динини кенг ёйиш осон бўлмагани, у зотнинг ҳар бир иши уммат учун намуна экани ҳақидаги кўплаб манбалар билан танишасиз, охирида эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу дунёни тарк этиш воқеаларини ўқиб кўзингизга ёш олади. Албатта, бу у зоти шарифга бўлган муҳаббат кўз ёшлари бўлса ажабмас.
Дарҳақиқат, Ҳабибимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини ўрганиш, уларни фарзандларимизга ўргатиш ҳар биримизнинг бурчимиз ва вазифамиздир. Бу йўлда мазкур китоб сизу бизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга янада муҳаббатлироқ ва яқинроқ қилишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Исломбек ЙЎЛЧИЕВ тайёрлади.