Тинчлик ва барқарорлик – олий қадрият
Тинчлик – буюк неъмат, тараққиёт ва фаровон ҳаётнинг бирламчи шарти. Эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, ушбу неъматга боғлиқ. Шу боис қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун молларию жонларини фидо қилишган.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг бир-бирларига нисбатан ишонч ва садоқати, меҳр-мурувватларининг самимийлиги ҳам асосан хотиржамлик туфайлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашишни замон андозаларига мос ҳолда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки глобаллашув жараёнлари юқори суръатда кечаётган бугунги давр инсон онгу қалбига қаратилган таҳдидлар, дин ниқоби остидаги ахборот хуружлари тобора кучайиб бораётгани билан ғоят мураккаб ва таҳликалидир.
Баъзи юртдошларимиз, айниқса, ёшлар ўзлари билиб-билмай турли бузғунчи оқимлар, террорчи кучлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам сир эмас. Бунда уларга етарли диний билимларга эга эмаслиги, ғўрлиги, муқаддас динимизнинг асл моҳиятини тўла англамаслиги панд бермоқда.
Ислом динида тинчлик олий неъмат экани ҳақида кўп бор таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлашни зиммамизга юклаб, бундай дейди: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!» (Бақара сураси, 208-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саҳобалар дуода кўпроқ нимани сўраш ҳақида Набий алайҳиссаломга савол беришганида, у зот: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар”, деб жавоб бердилар. Бошқа бир ҳадисда: “Ким оиласи тинч, тани саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, дейилади (Имом Бухорий ривояти). Бундан тинчлик неъмати нечоғлик муҳим экани маълум бўлади.
Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан сақланишлари лозим.
Тинчлик ва хотиржамлик амалий шукр талаб қиладиган неъматлардан. Унинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги бурчдир. Бу шукрона ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимизнинг дуои хайрлари, ёшларимизнинг ҳалол меҳнатлари ва фидокорликлари билан юзага чиқади.
Мамлакатимизда ҳукм сураётган осуда ҳаётни асраш, унинг барқарорлигига муносиб ҳисса қўшиш – шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқаронинг, қайси миллат ва динга мансублигимиздан, қандай касб-кор билан шуғулланишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг энг асосий вазифамиздир.
Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимиз ҳаётини фаровон қилсин!
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари.
“Ислом нури” газетасидан