Ғошия сураси
«(Эй Муҳаммад!) Сизга (даҳшати билан) қоплаб олувчи (қиёмат)нинг қиссаси дарҳақиқат (етиб) келди. У кунда (баъзи) юзлар сўлғин, меҳнат-машаққат чекувчидир. (Улар) қизиган дўзахда куйгайлар, қайноқ булоқ (суви)дан ичирилгай. Улар учун таом бўлмас, бўлганда ҳам фақат заҳарли гиёҳдан бўлиб, (у) семиртирмайди ҳам, очликдан ҳам халос этмайди. (Бошқа бир) юзлар эса у кунда (неъматлардан) мамнун, (дунёда қилган) саъй-ҳаракатларидан розидир. (Улар) олий жаннатдадирлар. У жойда беҳуда сўз эшитмаслар. У жойда оқар булоқ бордир. У жойда баланд сўрилар, қўйилган қадаҳлар, тизиб қўйилган ёстиқлар ва тўшалган гиламлар бордир. Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига, осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва Ернинг қандай ёйиб – текислаб қўйилганига боқмайдиларми?! Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз. Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда, (Сиз эмас, балки) Аллоҳ уни (қиёматда) энг катта азоб билан азоблагай. Зеро, қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир! Сўнгра уларни (қиёмат куни) ҳисоб-китоб қилиш ҳам фақат Бизнинг зиммамиздадир» (Ғошия сураси).
«Сизга (даҳшати билан) қоплаб олувчи (қиёмат)нинг қиссаси дарҳақиқат (етиб) келди». Ояти каримада зикр этилган “ғошия”дан мурод қиёматдир. “Ғошия” (“қоплаб олувчи” маъносида бўлиб,) халойиқни ўз даҳшати билан ўраб олади.
«У кунда (баъзи) юзлар сўлғин, меҳнат-машаққат чекувчидир». Оятдаги юздан мурод унинг эгалари, яъни кофирлардир. Чунки улар дунёда Аллоҳ ва расулига имон келтиришдан бош тортиб, такаббурлик қилганлари учун қиёмат куни юзлари сўлғин, нурсиз, хор бўлади.
«(Улар) қизиган дўзахда куйгайлар, қайноқ булоқ (суви)дан ичирилгай. Улар учун таом бўлмас, бўлганда ҳам фақат заҳарли гиёҳдан бўлиб, (у) семиртирмайди ҳам, очликдан ҳам халос этмайди». Яъни, ўша сўлғин юзлар қиёмат куни ҳарорати ўта баланд ва шиддатли оташда ёнади. Уларга қайнаб турган булоқ сувидан ичирилади. У сув чанқоқларни босмайди. Уларга зориъ (тикан)дан бошқа таом берилмайди. У на очликни кетказади ва на семиртиради.
«(Бошқа бир) юзлар эса у кунда (неъматлардан) мамнун, (дунёда қилган) саъй-ҳаракатларидан розидир». Яъни, нурли, гўзал юзлар борки, у юз эгалари дунёда қилган ишларидан розидирлар. Жаннатдаги неъматларни кўриб қувонган юзлар (эгалари) амаллари қабул бўлгани ва эвазига берилган неъматлардан шоду хуррамдирлар.
«(Улар) олий жаннатдадирлар. У жойда беҳуда сўз эшитмаслар». Яъни, саодатманд мўминлар олий жаннатда, эмин, бекорчи ва беҳуда гап эшитмаслар.
«У жойда оқар булоқ бордир. У жойда баланд сўрилар». Жаннатда фақат битта эмас, балки бир қанча оқиб турувчи булоқлар бор. Юмшоқ ва баланд ўриндиқларга ўтиришганда роҳатланишади.
«Қўйилган қадаҳлар, тизиб қўйилган ёстиқлар ва тўшалган гиламлар бордир». Жаннатда маст қилмайдиган майдан тўлдирилган қадаҳлар бор. Мўмин қачон хоҳласа, улардан ичади ва териб қўйилган ёстиқларга суянади. Яна у ерда кенг ёйиб қўйилган ипакдек майин ва юмшоқ гиламлар бор. Бу гиламларга қараган киши роҳат олади.
«Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига…» Улар, яъни мушриклар Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далолат қилувчи туяларни кўришмайдими?
Туя билан танбеҳ берилишини бошлаганининг сабаби, улар арабларнинг асосий улов-маркаблари эди. У билан кўп ишларини битиришарди.
«Осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига…» Осмонга назарларини қаратмайдиларми?! Ахир, у ҳеч қандай устунларсиз кўтариб қўйилган.
«Тоғларнинг қандай тикланганига», яъни тик қилиб Ерга мустаҳкам ўрнатиб қўйилганига боқмайдиларми?
«Ва Ернинг қандай ёйиб – текислаб қўйилганига боқмайдиларми?!» Инсонлар хотиржам ва енгиллик билан Ер юзида ҳаракатланишлари учун уни текис қилиб қўйилганига қарамайдиларми?! Унинг устида нимаики бўлса, улардан фойдаланишади. Ахир, булар ҳаёт давом этишидаги асосий омиллардан бири-ку.
«Бас, эслатинг!» Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сиз нима билан юборилганингизни уларга эслатинг, насиҳат қилинг. Сиз эслатувчисиз. шунинг учун юборилдингиз.
«Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз». Зиммангиздан уларни имонга ва рисолатга мажбурлаш вазифаси йўқ. Уларни ўзингиз истаётган нарсага мажбурлаш ҳам йўқ. Имон келтирсалар, ҳидоят топадилар, юз ўгирсалар, залолатга кетадилар.
«Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда, (Сиз эмас, балки) Аллоҳ уни (қиёматда) энг катта азоб билан азоблагай». Яъни, ким ваъз-насиҳатдан юз ўгирса, Аллоҳга қалби ва тили билан куфр келтирса, бас, Аллоҳ таоло уни жаҳаннам билан азоблайди.
«Зеро, қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир! Сўнгра уларни (қиёмат куни) ҳисоб-китоб қилиш ҳам фақат Бизнинг зиммамиздадир». Яъни, қайтишингиз, охирги манзилингиз фақат бизгадир. Биз амалларингизга кўра ҳисоб-китоб қиламиз. Амалларингиз яхши бўлса, (ўзингиз учун) яхши. Агар ёмон бўлса, (ўзингиз учун) ёмон. Юз ўгирувчилар учун қочар жой йўқ. Охиратни ёлғонга чиқарувчилар учун нажот йўқ.
“Тафсири Мунир” асосида
Талъат УМАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасидан