Саховат – мақтов ила ёд этилур фазилат
Маҳмуд Замахшарий “Атвоқу-з-заҳаб” асарининг 12-мақоласида бундай ёзади: “Сен қўшниларингдан ёрдамингни аяма, ундан рўзғор буюмларингни қизғанма. Қийналган биродарингга ёрдам қўлини чўзсанг, чанқоқдан ёрилган лабга сув тутгандек, иссиқда қовжираган майсазорга тошқин булоқ сувини очгандек бўласан. Бу хайрнинг энг аълоси ва шарафлисидир. Бу бардавом бўлишга, бир-бировга тавсия этишга лойиқ феълдир”.
Демак, Маҳмуд Замахшарий қийналган инсонга мурувват ва саховат қўлини чўзиб, унга имкони борича кўмак бериш энг яхши ва энг шарафли иш ҳисобланишини таъкидламоқда. Аллома бир мақолада саховатпешалик ҳақида қуйидаги ибратни келтиради: “Мардлик – Аллоҳнинг розилигини топишга васила, саховат – мақтов ила ёд этилур фазилат. Дўстлик ва биродарликка фақат саховат аҳлигина лойиқ”.
“Рисалату-н-носиҳа” асарининг 3-мақоласида Замахшарий инсонларни, айниқса, зиёли, олимларни саховатли бўлишга чақиради ҳамда саховатпеша инсонларда на илми ва на бойлиги камаймаслигига ишора қилади.
Олим инсонларга саховетпешалик қилиш, кўрсатган яхшилигини миннат қилмаслик ва чин дилдан бажариш каби инсоний фазилатларни “Рабиул-аброр ва нусусул-ахбор”, “Навобиғул-калим” асарларида ҳам баён қилади.
Мазкур асарда “Икки нарса бир дарахтнинг бутоғидир, яъни иккаласи ҳам бир хил: бирор нарса сўраганга берса-ю, аммо кейин уни миннат қилса, иккинчиси, ўзининг саховатини аяб, хасислик қилса. Чунончи, Аллоҳ таоло наздида миннат билан бир нарса бериш ва хасислик қилиб бермаслик қабоҳатда баробар ҳисобланади”, деб ёзади.
Аллома панднома борасида соҳа олимларининг пешқадами бўлган. У инсоний фазилатларнинг барчасига эътибор берган, айниқса, яхшилик, илм аҳлларини ҳурмат қилиш, ночорларга ёрдам бериш, саховатпеша ва қўли очиқ бўлиш, кўмакка интилишни ўта моҳирона, гўзал услуб билан баён этган. Бунда исталган натижага эришиш мақсадида Маҳмуд Замахшарий насиҳатномага оид асарларини адабиётшуносликнинг энг мукаммал ҳамда оғир услуби “сажъ”, яъни қофияланган насрда яратган. Мумтоз адабиётимизнинг жуда кам сонли намояндаларигина бу усулда ўз асарларини ёзганлар.
“Навобиғу-л-калим” Замахшарийнинг ахлоқ-одоб дурдоналарига, гўзал панду насиҳатларга бағишланган асарларидан ҳисобланади. Асарда саховат ва кўмак борасида Маҳмуд Замахшарий: “Хайру эзгуликдан бошқа инсонга кўркамлик берадиган ҳеч нарса йўқ”, дея таъкидлайди. Саховат ва кўмак инсон учун беназир зийнат экани мазкур ҳикматдан англашилади. Аллома саховат нафақат инсоннинг ўзига, балки авлодлари саодатига ҳам таъсир кўрсатувчи омилдир дея уқтиради ва шундай изоҳлайди: “Хайр-саховат ва фазилат соҳибининг фарзанди ҳурмат ва шону шарафга сазовор ва муносибдир, чунончи, дур, инжу садафга қараганда юқори даражададир”.
Маҳмуд Замахшарий бой-бадавлат бўлишнинг асосий белгисини хайр-эҳсонда кўради ва “Бой-бадавлат кишининг фақиру бечорага хайру эҳсондан бошқа фазилати йўқдир”, деб насиҳат қилади. Шу билан бирга, хайру эҳсон, кўмакнинг катта ё кичиги бўлмаслигини таъкидлаб: “Аввал қилиб кетган хайру эзгуликларингизга кейин ҳам эзгулик қўшаверинг”, дея уқтиради.
Аллома хайр-эҳсон ишларига фаоллик кўрсатиш, эзгуликни кечиктирмасликни, айниқса, одамлар бошига қайғу келганида малҳам бўлишга алоҳида урғу беради ва “Саховат ишларга астойдил кириш, уларни пайсалга солиб, кейин қиларман деган ўйлардан воз кеч, шайтон йўлдан урадиган шошма-шошарлик билан эмас, тафаккур ва идрок билан иш тут”, дейди.
Маҳмуд Замахшарий “Кимники қўлидан хайр-баракали ва пурҳикмат ишлар келмаса, унинг насабининг шарифлигию улуғлиги фойда келтирмас”, деган фикрни юқорида зикр этилган асарларининг барчасида таъкидлайди. Демак, олим инсон бойлиги, мартабаси билан эмас, балки саховати, кўмаги ва яхшиликлари билан ажралиб туришини уқтирмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ олим “Кимники ҳимматию муруввати қанчалик кўп бўлса, шунга яраша одамлар унинг қайғули дамларида шерик бўларлар”, деган фикрни илгари суради.
Зоҳиджон ИСЛОМОВ,
филология фанлари доктори,
профессор
“Ҳидоят” журналидан