Хулафои рошидин суннатларига эргашиш
Баъзи ишлар борки, ўзи суннат, аммо ҳадис эмас. Улар хулафои рошидин суннатларидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Менинг суннатимни маҳкам ушланглар ва мендан кейин тўғри йўлга муваффақ бўлган ҳамда ҳидоятга эришган халифаларимнинг суннатини маҳкам ушланглар”.
Хулафои рошидин суннатларига эргашиш шунинг учун зарурки, улар рошиддирлар. “Рошид”нинг маъноси “тўғри йўлни топган, тўғри йўлга эришган” дегани.
Демак, уларнинг суннатларига амал қилмоғимиз ва мужтаҳид имомларга эргашмоғимизнинг асоси шудир. Эргашиш далиллар билан бўлади, гапнинг ўзигагина эргашилмайди.
Имом Абу Ҳанифага эргашиш у зотнинг дин алломаси бўлгани ҳамда Қуръон ва ҳадисни мукаммал даражада билгани сабабидандир. Соҳибайн – Имоми Аъзамнинг икки улуғ шогирди: Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаддир.
Нега ҳанафий мазҳаби деб аталади? Жавоб шуки, у бир рамзий номдир, яъни бир фиқҳий мактабнинг номи бўлиб, бу ерда муайян бир шахс мурод қилинмайди. Чунончи, бугунги кунда муфтийлар янги-янги масалаларда фатво бермоқдалар, улар ҳам ҳанафий мазҳаби таркибида бўлади.
Хуллас, қайси асосга биноан хулафои рошидинга эргашилаётган бўлса, ўша ҳукм асосида мужтаҳидларнинг гапларига эргашилади.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаб айтдиларки: “Хулафои рошидиннинг суннатларини маҳкам ушланглар”, сўнг бундай деб қўшиб ҳам қўйдилар: “Уни жағ тишларингиз билан маҳкам тишланглар”.
Хулафои рошидиннинг ана шу суннатлари ҳақиқатан суннатдир, лекин ҳадис эмасдир.
Хулафои рошидиннинг суннатларини маҳкам ушлашга нима учун буюрилади? Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонларигача қавмий ҳукумат қоим эди. Миллатлараро ҳукумат қоим эмас эди, бинобарин, жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмлараро ҳукуматнинг ҳукмларини баён қилиб берганлар, лекин миллатлараро ҳукуматнинг ҳукмлари ҳақида сўзламаганлар. Агар бу ҳақда сўзлаганларида, ўз вақтидан олдин баён қилган бўлар эдилар. Ўз вақтидан олдин баён қилинган ҳукмларни эса одамлар тушунмайди, бас, тушунмагач, ёдида ҳам сақлай олмайди.
Миллатлараро ҳукумат ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу замонида қоим бўлди. Чунки бу даврда мамлакатда турли динлар, ҳар хил қавмлар ривожлана бошлаганди. Шу сабабдан мулк ва миллатни интизомга солиш учун хулафои рошидин қайси ҳукмларни жорий қилган бўлсалар, уни маҳкам ушлаш зарурдир.
Ижтимоий модда, бу ҳозиргача амал қилиб келинаётган ривоятлар бўлиб, улар ҳам ҳадис, ҳам суннатдир. Бундай ривоятлар сон-саноқсиз. Бас, маълум бўладики, ҳадис билан суннат ҳамиша ҳам бир нарса бўлавермас, улар орасида баъзи фарқлар бор экан.
“Ислом нури” газетасидан