Заиф ривоятлар мавзуъ (тўқима) ҳадислардан афзалдир
Набий алайҳиссаломнинг айтган гаплари ҳадисдир, одамлар у кишининг номларидан тўқиб чиқариб гапирган нарсалари эса мавзуъ (тўқима) ҳадис бўлади. Мавзуъ матннинг сифатидир, санаднинг эмас.
Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ҳадислар уч қисмга бўлинади: саҳиҳ, ҳасан, заиф. Заифлик бу матннинг эмас, балки санаднинг сифати ҳисобланади. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари айни мусаннифларнинг китобларига қайсидир ровийлар воситасида етиб келган. Агар ҳамма ровийлар аъло даражада бўлса, бу ҳадис саҳиҳ бўлади, агар ровийлар забти камроқ бўладиган бўлса, у ҳадис ҳасан бўлади, агар ровийнинг ҳифзи қувватсизроқ бўлса, ҳадис заиф бўлиб қолади.
Бошида саҳиҳ, ҳасан, заиф – учов қисм ҳадислар бир китобда жамланаверган, мавзуъ ҳадислар эса, алоҳида китобларга ёзилган. Шу тарзда санад эътибори билан ҳадислар даража-даража бўлиб кетди. Шунинг учун фуқаҳолар масалани олишга эътиборни қаратиб, даражани қоим қилдилар. Бир масалада ҳам саҳиҳ, ҳам ҳасан ҳадис келган бўлса, фуқаҳолар саҳиҳини, агар ҳасан билан заиф келган бўлса, ҳасанини олдилар. Фақат заиф ривоят келган бўлса, заифлик даражасини текшириб кўришди: муҳтамал бўлса, яъни олишга яраса, тўртов мазҳаб имомлари ҳам уларни масала олишда далил қилиб келтирдилар.
Фуқаҳолар айтдиларки, турли санадлар билан бир ҳадис келиб қолса, у ҳадис ҳасанун лиғойриҳи (бошқаси эътиборидан ҳасан)га айланади ва далил қилиб келтиришга ярайди. Масалан, тасбеҳ намози тўғрисида бирорта саҳиҳ ҳадис йўқ. У ҳақда ўн битта ҳадис келган бўлиб, ҳаммаси заиф. Лекин ҳаммаси қўшилиб, ҳасанун лиғойриҳига айланади ва бундан тасбеҳ намозининг мандублиги исбот қилинади. Аввалги даврда мусулмонлар тасбеҳ намозини ўқиб келганлар. Агар ҳадиснинг заифлиги чидаб бўлмас даражада ҳамда санади биттагина бўлса, у фазилатли амалларда эътиборга олинади, аммо масалани ундан собит қилиб бўлмайди.
Саид Аҳмад Болонпурий айтади: «Хуллас, тўрт фуқаҳо – тўрт имом наздида саҳиҳ, ҳасан ва заиф – ҳаммаси ҳам ҳадисдир ва ўз даражаларига кўра уларга амал қилинади. Энди Носириддин Албоний деган бир киши чиқди. У ҳадис китобларидан аввал заиф ҳадисларни алоҳида чиқариб олди ва “Заифи Абу Довуд”, “Заифи Жомеъи сағир”, “Заифи Мишкот” ва бошқа китобларни ёза бошлади. Сўнг ўша ҳамма заиф ҳадисларни мавзуъ ҳадисларга қўшиб юборди-да, бир неча жилдли китоб қилиб, уни: سلسلة الاحاديث الضعيفة والموضوعة واثرها السيء في الامة – “Заиф билан мавзуъ ривоятларнинг мажмуаси ва улардан умматга етган нуқсон”, деб номлади.
Шундай қилиб, у араб мамлакатлари ҳамда Оврупа ва Амриқо ёшларининг зеҳнини айнитди ва ёмон бир эътиқод пайдо қилди. Яъни, заиф ҳадис – мавзуъ ҳадисдир, деган хато хулосани чиқарди. Агар сиз уларнинг зиддига бир ҳадисни тақдим қилсангиз, улар: “Бу ҳадис заиф”, дейди ва бундан муроди – мавзуъ, яъни бу ҳадис эмас, ёлғон, тўқима ҳадис, демоқчи бўлади.
Араб мамлакатларида Албонийнинг бу ҳаракатларини йўқотиш ишлари энди бошланди. Лекин унинг китоблари дунёга тарқалиб бўлган. Албоний ёшларга ўзининг заҳарли шаробини ичкизишга эришган. Энди уни кетказишга икки юз йил етмайди».
Хуллас, саҳиҳ, ҳасан, заиф ҳам ҳадис ҳисобланади. Лекин ҳужжат – суннатдир. Ҳадис суннатни ифодаласа, ҳужжат, суннатни ифода қилмаса, ҳужжат бўлолмайди. Худди шундай, хулафои рошидин мулку миллатнинг интизоми учун қайси йўлни жорий қилган бўлсалар, гарчи у ҳадис бўлмаса-да, суннат ва ҳужжатдир.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Суннат ва ҳадис” китобидан
“Ислом нури” газетасидан