Ақлнинг фойдаси ва завол топиши
Ақлнинг фойдалари сон-саноқсиз. Унинг фойдаларидан энг афзали шуки, ақл туфайли инсон мукаллаф бўлади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида инсон ақли туфайли балоғатга етмасидан олдин ҳам имони ва исломи дуруст бўлади. Ҳолбуки, ақли бор бўлса-да, балоғатга етмаган болага имон келтириш фарз бўлмайди. Ақли йўқ одамдан ҳукмлар соқит бўлади. Чунки мажнун киши Аллоҳнинг ҳақларини адо этишга лаёқатли эмас. Шунинг учун никоҳ, талоқ, қул озод қилиш каби масалаларда ундан содир бўлган сўз, феъллар эътиборга олинмайди. Унинг имони ҳам ҳақиқий эмас. Гарчи ақлсиз гўдак имон келтирса ҳам, унинг имони, билиттифоқ, жоиз эмас.
Шунинг учун пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг гўдакликларида ҳам, балоғатга етганларидан кейин ҳам ақллари завол топиши ёки нуқсонли бўлиши жоиз эмас, деймиз. Фаришталар хусусидаги ҳукм ҳам шундай. Чунки пайғамбарлар алайҳимуссалом балоғатга етгани ва ваҳий келганидан кейин пайғамбар бўлганидек, балоғат ёшидан илгари ҳам, ваҳийдан олдин ҳам набий ҳисобланадилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссалом қиссасидаги ушбу ояти далилдир: «(Шу пайт чақалоқ тилга кириб) деди: “Мен Аллоҳнинг бандасидирман. (У) менга Китоб (Инжил) ато этди ва мени пайғамбар қилди. Яна мени қаерда бўлсам, баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди”1.
Ким пайғамбарлар алайҳимуссаломда ақл завол топади деса, кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Чунки пайғамбар ақлининг йўқолиши ундан пайғамбарлик кетишини вожиб қилади. Агар ундан ақл кетса, унинг ибодатию ҳукмлари дуруст бўлмасди. Унга ваҳий нозил қилинмас ҳамда шариат аҳкомларини етказиш ва баён қилиш ҳам жоиз бўлмай қолар эди. Пайғамбарлик эса, мутлақо завол топмайди. Ким пайғамбардан пайғамбарликнинг кетишини жоиз санаса, кофир бўлади.
Аммо пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг Аллоҳдан қўрқиб ҳушидан кетишлари жоиз. Бу Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва буюклиги олдида мағлуб бўлиш деганидир. Мусо алайҳиссаломда шундай ҳолат юз берган: «…Мусо (бундан таъсирланиб) беҳуш ҳолда йиқилди…»2
Пайғамбарларда беҳушлик содир бўлган тақдирда ҳам, бирор ҳолатдан хабарсиз қолиш ёки бирор амални унутиш кузатилмайди. Зеро, пайғамбар беҳушлик ҳолатида бирор нарсадан бехабар қолса, уни баён этиш эҳтиёжи туғилганида унга ҳақиқат ҳолатлари маълум бўлмас эди. Бу эса, ҳужжатни ботил қилиш бўлиб, жоиз эмасдир.
Соатмурод ПРИМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири
“Ислом нури” газетасидан