Жума ва икки ҳайит намози боби
Ҳасан ибн Зиёд Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “Бир шаҳарнинг волийси вафот этиб, унинг вафоти (ҳақидаги хабар) раҳбарга етиб бормаган бўлса, ҳатто унинг вафотидан кейин бир нечта жума ўқилган бўлса, у ердаги одамларга маййитнинг ўринбосари (вакили) ёки миршаб ёхуд қози жума намозини ўқиб берган бўлса, уларнинг намози жоиз бўлади. Агар одамлар тўпланишиб, қози ёки маййитнинг ўринбосари (вакили) (имомликка ўтишга) тайинламаган ёки буюрмаган киши (жума намозига) имом бўлса, уларнинг намози дуруст бўлмайди.
Агар раҳбар вафот этса, унинг ўринбосарлари, мусулмонларнинг ишларига бошлиқ қилинган волийлари бўлса, улар раҳбар вафот этганидан кейин ҳам ўз ўринларида тураверадилар. Чунки улар мусулмонларнинг раҳбари, шу боис уларнинг ҳолидан бехабар эмас”.
Иброҳим ибн Рустам Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: “Агар Африкадаги бир иш бошқарувчи (омил) ёки раҳбардан узоқ масофадаги омил вафот этса, одамлар келишиб, бир кишини (унинг ўрнига тайинласа), у одамларга намоз ўқиб берса, токи раҳбар бу ерга янги ноибини юбормагунича уларнинг намози дуруст бўлади”.
Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳазрати Усмон розийаллоҳу анҳу ҳолдан тойганида ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу одамларга жума намозини ўқиб берди”.
Иброҳим Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: «Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Кўзи ожиз одамга ҳаж ҳам, жума ҳам, жамоат ҳам лозим эмас. Гарчи унинг минг нафар етаклаб юрувчи (киши)си ва ўн минг дирҳам пули бўлса ҳам”.
Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Агар унинг бир нафар етаклаб юрувчи (киши)си бўлса, унга жума намози жоиз бўлади” деган.
Ҳасан ибн Зиёд Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “Кўзи ожиз одамга уни жума намозига етаклаб олиб борадиган (киши)и бўлса, ҳажга етадиган маблағга эга ва ўзи билан бирга ҳажни адо этадиган одами бўлса, унга жума ва ҳаж лозим бўлади”.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Имом хутба қилаётганида бир киши бошқа бир кишига салом берса, у киши ичида алик олиши, (бирор киши) аксирса, “Ярҳамукаллоҳ”, яъни “Аллоҳ сенга раҳм қилсин” деб ичида айтиши керак».
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан Ҳасан ибн Зиёд қилган ривоятда ёши улуғ аёл киши – кампирнинг ҳайит (намози)га чиқиши ҳамда одамлар(дан орқа сафда туриб) намоз ўқишида монелик йўқ (чунки кампир фитнага сабаб бўлмайди).
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Имом жумада хутба (мавъиза назарда тутилган) қилиб, кейин уйига бориб (масжид билан ёнма-ён бўлса), таҳорат(ини янгилаб), сўнгра (масжидга) келиб, одамларга намоз ўқиб берса, бўлаверади. Чунки таҳорат намоз(нинг шартлари)дан”.
Толибжон НИЗОМ таржимаси
“Ҳидоят” журналидан