Хатиб Пўлатхон Шаҳрисабзий ва унга замондош нақшбандия шайхлари (ХХ аср иккинчи ярми)
Ўрта асрларда Кеш (Шаҳрисабз) олимларининг илму маърифати туфайли “Қуббатул илм вал адаб” (“Илму адаб чўққиси”) номи билан машҳур бўлган. Шаҳрисабздан Ҳиндистонга кўчган туркийларнинг авлодларидан Амир Хусрав Деҳлавий (1253–1325), Мирзо Абдулқодир Бедил (1644–1721) каби улуғ шоирлар етишиб чиққан.
ХV–ХIХ асрларда бу шаҳарда Айюб Шаҳрисабзий ибн Абулбарака, Лозимий-Кеший, Назими-Кеший, Ҳаким Шаҳрисабзий, Фараҳ Шаҳрисабзий каби адиблар яшаб ижод қилганлар.
XIX аср охири XX аср бошларида Шаҳрисабзда туғилиб, умргузаронлик қилган шоирлар, адибу фозиллар – Мирзо Умрбоқий Шаҳрисабзий-Самарқандий (1878–1957), Ҳожи Махдум Ҳамидуддин Ҳамидий (1876–1952), Файзуллоҳхўжа Равнақий (1892–1978), Исмоилхон Фақирий-Шаҳрисабзий (1910-1980), Абдуллоҳ Гулшаний (1898–1978), Нажмиддинхон Асирий (Нажотий) (1917–1978), Салоҳиддин Маннон ўғли Солиҳий (1905–1977) кабилар ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарини давом эттирганлар.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Шаҳрисабзда “Ҳазрати Имом” жомеси фаолият юритган. Масжид имомларидан Ҳамидуддин Ҳамидий, Пўлатхон ва Ғуломхон Эшонбобони шаҳар аҳли ҳали-ҳануз яхшилик ила эслашади. Узоқ йиллар мазкур масжидда имом-хатиб бўлиб ишлаган Пўлатхон ҳожи Эшонбобо фаолияти ҳақида у кишининг куёви Набиев Омонхон ҳожи ва Исмоилхон Фақирий ўғли Маҳдихон Эшонбободан олинган маълумотлар муҳимдир.
1948 йилда таваллуд топган бу икки Эшонбобо ҳозирда нафақада, эл-юрт ардоғида кексалик гаштини сурмоқда. Иккалалари ҳам илму маърифат соҳиблари бўлиб, Маҳдихон Эшонбобо бошчилигида Хоксорнинг “Зубдул луғот”, Хилватийнинг “Мавлуди шариф” каби асарлари қайта-қайта нашр этилган, Омонхон ҳожи Набиев эса “Унутилмас хотиралар” номли рисола муаллифи. Ушбу мақола шу хотираларга асосланган.
Эшон Пўлатхон Маҳмудов 1913 йили Бухоро шаҳрида зиёли оиласида таваллуд топган. Отаси Маҳмудхон эшон Қуръон, ҳадис ва фиқҳ илмини пухта билган.
Бухоро большевиклар томонидан истило қилингач, бу оила Шаҳрисабзга – қариндош-уруғлари ёнига келади. Пўлатхон эшон бобо Шаҳрисабз шаҳрида, сўнгра Яккабоғ туманининг Чимқўрғон қишлоғида яшайди. Кўплаб машаққатларни бошидан ўтказиб, яна Шаҳрисабзга қайтиб келади.
Қамаши тумани Лангар қишлоғида Ишқийя тариқати вакили Муҳаммад Содиқ авлиё яшаб ўтган. У кишининг мақбараси Пўлатхон эшон бошчилигида таъмирланган. Пўлатхон эшон «Аллоҳнинг инояти ва Мамасодиқ авлиёнинг шарофати ила Шаҳрисабз шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжидида имом-хатиб бўлиб ишладим», дер эди.
1968 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси мутасаддилари Пўлатхон эшонни Шаҳрисабз шаҳридаги “Ҳазрати Имом” масжидига имом-хатиб лавозимига тайинлайди.
Омонхон ҳожи ҳикоя қилади: «Ўша даврда вилоятимиз бўйича бор-йўғи иккита масжид – Қаршидаги “Кўкгумбаз” ва Шаҳрисабздаги “Ҳазрати Имом” жомеларида беш маҳал намоз, жума, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари намозини ўқиш учун рухсат берилган эди. “Ҳазрати Имом” масжидига теварак-атрофдаги Китоб, Чироқчи, Яккабоғ, ҳатто Ғузор туманларидан жуда кўп одам келарди. Раҳматли Пўлатхон эшон (қайнотам) мўмин-мусулмонларга динимиз аҳкомларини ўргатар, ёшларга одоб-ахлоқ, тарбия-таълим тўғрисида мавъизалар қилар эди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддинхон ҳазратлари Шаҳрисабзга ташриф буюрса, Пўлатхон эшоннинг хонадонида меҳмон бўлар эди. Амаким уламоларни чақириб зиёфат берар ва қизиқарли суҳбатлар бўларди. Даврада ўтирганлардан бирор киши Эшон Бобохон ҳазратларини ёдга олса, муфтий Зиёвуддинхон ҳазратлари ўринларидан туриб, таъзим бажо келтирар эди. Шаҳрисабздаги зиёратгоҳларни муфтий ҳазрат ва Пўлатхон эшон домла биргаликда айланар эди».
Пўлатхон эшон раҳбарлигида Шаҳрисабздаги “Ҳазрати Имом” масжидида қурилиш ишлари олиб борилди. Файзулло Махдум Равнақий, Мулло Насриддин Саҳҳоб тахаллусли котиблар масжидда хизмат қилган ва уларнинг амалий-ижодий ишлари бугунгача сақланиб қолган бўлиб, Шаҳрисабз китобат санъати ҳақида хабар бериб турувчи манбалардандир.
Ўша даврларда “Мавлудун Набий” кўп ўқилар эди. Юртдошларимизнинг Расулуллоҳга муҳаббати, ихлоси, эҳтироми жуда юқори эди. Ғуломхон Эшонбобо Мавлудни жуда чиройли ва тушунарли қилиб ўқиб берар эди. Мавлуд ва бошқа маросимларда тўғрилик, диёнат, инсоф, ҳаё, етимлар ҳақидан қўрқиш, ғийбат, ҳасад, зинодан сақланиш ҳамда исломий одоб-ахлоқлар тўғрисида панду насиҳатлар қилинар эди.
Пўлатхон Эшонбобонинг уйида уламолар йиғилиб, турли суҳбатлар қилиб туришган. Шаҳрисабзлик Мулла Шоҳимардон бобо, Яккабоғдан Абдусаттор махсум, Китобдан Саййид Акромхон ва бошқалар суҳбатларда фаол қатнашар эди. Бу элпарвар инсонларнинг халқимизнинг маърифатини юксалтиришга, турли иллатларнинг барҳам топишида хизмати катта бўлган.
Мазкур уламолар ўзларига замондош бўлган нақшбандий шайхлар билан ҳам дўстона алоқада бўлганлар. Китоб туманининг Сариосиё қишлоғида истиқомат қилувчи Исмоилхон Фақирий, у кишининг укалари Нажмиддинхон Асирий, туманнинг Дониёршайх қишлоғидан Аълохон, Темирчи қишлоғидан Хуррамхон Эшонбобо, Ғилондан Абдусалом шайх, Тожикистондан домла Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Қозоғистондан Абулхайр махдум каби нақшбандий шайхлар шулар жумласидан.
Пўлатхон эшоннинг тасаввуфда комиллик пиллапояларини босиб ўтишида пирлари Қутбиддинхон Муҳиддиновнинг таъсири катта бўлган.
Пўлатхон домланинг куёви Омонхон Эшонбобо эслайди: “Бир гал Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилдик. Пўлатхон эшон домла асли бухоролик бўлгани ва шу ерда таҳсил олгани учун шаҳар тарихини яхши билган. Зиёратни Аркдан бошладик. Аркнинг рўпарасида, катта асфальт йўлнинг нариги четидаги бир ҳашаматли иморатни кўрсатиб, “Шу ҳовли бизнинг ота маконимиз эди, ҳозир бу ерда бир рус яшаяпти. Ота-онамни асраб қолиш ниятида шу ҳовлини ташлаб чиқиб кетганман, дея хўрсиниб гапирди”.
Пўлатхон домланинг ҳаётида нақшбандия таълимоти катта ўрин тутган. У киши бир неча йил Шаҳрисабз шаҳридаги 35-автокорхонада ҳайдовчилик қилган. У киши кўпинча Ҳисорак, Ғилон қишлоқларига почта элтган. Нақшбандия шайхи Абдусалом домла билан Пўлатхон эшон жуда иноқ ва аҳил бўлган.
Шайх Абдусалом домла ҳузурида кўплаб маърифий суҳбатлар, учрашувлар бўлиб ўтган. Шу учрашувларда фатво китоблари ўқилиб, айрим қийин масалаларга ечим топилган. Ҳатто бир сафар Пўлатхон эшон бобо Абдусалом домлага йиғлаб илтимос қилиб: “Менга ҳам шу тоғда яшаш насиб қилармикан?! Анча кексайиб қолдим, гуноҳларим кўп. Шу тоғнинг бир хилват жойида тавбалар қилсам”, деган. Шайх Абдусалом домла: “Сиз ва мен ўзимизни ўйлаб тоғни пинҳон тутсак, гумроҳ ва адашган кимсаларни ким бошқаради? Сиздан илтимосим шуки, шаҳар ва қишлоқлар аҳолисини тўғри йўлга даъват қилинг. Бу хизматларнинг ажру савоби чексиздир”, деган.
Шайх Абдусалом домланинг сўзларидан илҳомланиб, Пўлатхон эшон халқни тўғри йўлга бошлашга астойдил бел боғлаб, хизматга доим шай турган. Аллоҳнинг марҳамати ва яхшилар дуоси ижобат бўлиб, у киши 1979 йили муфтий Зиёвуддин Бобохон тавсияси билан муборак ҳаж сафарини адо этган.
(Давоми бор.)
Масъудхон ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
доценти, тарих фанлари номзоди
“Ҳидоят” жунралидан