Фиқҳий мазҳабларга эргашиш зарурати
Бирорта мазҳабга эргашмай, нажот топиш мушкул. Чунки оят ва ҳадисларнинг бир неча маънолари бўлиб, уларнинг қай бирини олишга ҳамма ҳам қодир эмас. Бундан ташқари, айрим масалалар ҳукмини ечиш учун барча шаръий далилларни ўрганиб, ҳукм чиқаришга эҳтиёж туғилади. Табиийки, бунга ҳар кимнинг ҳам кучи етмайди. Шу сабабли мужтаҳид имомларга эргашиш зарур.
Аммо бугунга келиб муайян бир мазҳабга эргашган кишиларни кўр-кўрона тақлид қилишда айблаб, уларни гумроҳга чиқарувчи тоифалар пайдо бўлди. Улар мужтаҳид имомларга эргашишнинг ҳожати йўқ, ҳатто нотўғри деб даъво қилишмоқда. Уларнинг фикрича, ҳар бир инсон тўғридан-тўғри Қуръони карим ва ҳадислардан далил олиб, амал қилиши керак эмиш.
Бундан 200 йилча олдин пайдо бўлган, фақат оят ва ҳадиснинг зоҳирига амал қилишни даъво қилувчи сохта салафийлар ўзлари айтганидек, яхлит тоифага айлана олишмади.
Умматни бирлаштиришни даъво қилган сохта салафийлар 200 йил мобайнида тўртта фирқага бўлинди: “Ас-Салафия-ал-илмия” (1920 й.), “Ас-Салафия ал-жиҳодия” (1979 й.), “Ас-Салафия ас-сурурия” (1984 й.), “Ас-Салафия ал-жомия” (1990 й.).
Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ўз динига амал қилишидан асосий мақсади Аллоҳ таолога бўйсуниш ва итоат этишдир. Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқлари Қуръони карим ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида баён этилган. Мусулмон киши амал қиладиган барча ҳукмларнинг асоси, яъни далили ана шу икки манба ҳисобланади. Лекин ҳамма ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифни тўлиқ ва тўғри тушунолмайди. Шу сабабдан далилларни мукаммал тушуниб, ундан ҳукм олишга қодир инсондан сўрашга мажбур бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз” (Наҳл сураси, 43-оят).
Саодат асрида саҳобалар бир масаланинг жавобини билмасалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан сўраганлар. У зотдан сўнг эса, инсонлар ўзлари муҳтож бўлган масалаларда рошид халифалар, саҳобалар, тобеинлардан фатво сўраб, унга амал қилиб келганлар.
Кейинчалик машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб ҳақида китоблар ёзилиб, мадрасаларда ўргатилиб, бу мазҳабларнинг ҳукмлари мусулмонлар ўртасида машҳур бўлди. Мужтаҳид имомлар ўз мазҳабларини Қуръони карим ва ҳадиси шарифга асосан тартибладилар. Шариат асосларидан ҳукм олишга қудрати етмайдиган, етарлича илми бўлмаган ҳар бир мусулмон шу тўрт мазҳабдан бирига эргашиши вожиб бўлди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилиб, бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ рост айтди. Иброҳимнинг йўлдан тоймаган миллатига эргашинг. У мушриклардан бўлмаган эди” (Оли Имрон сураси, 95-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса бундай дейилган: “Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш…” (Наҳл сураси, 123-оят).
Ушбу ояти каримадан шу маъно тушуниладики, инсон тўғри йўлда барқарор бўлиши ва охират ишида хато қилмаслиги учун Китобу суннатни яхши билган, унинг дақиқ жиҳатларини англай оладиган пешволарга эргашиши лозим (“Ат-тақлиду-ш-шаръия ва аҳамиятуҳу фил-Ислам”).
Кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифларда ҳам киши дунё ва охират ишларида адашмаслиги учун ўзидан илмда ва тақвода пешқадам бўлган кишига эргашиши лозимлиги баён этилган. Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу айтади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Мен сизларнинг орангизда яна қанча яшашимни билмайман. Шунинг учун мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар”, дея ишора қилдилар» (Имом Термизий ривояти).
Набийимиз алайҳиссалом ўзларидан кейин уммат тўғри йўлдан оғмаслиги, парокандаликка юз тутмаслиги учун умматнинг набавий таълимотини чуқур эгаллаган, шу таълимот асосида иш юритувчи энг сара вакилларига мурожаат қилишни уқтиряптилар: “Сизлар менинг суннатим ва тўғри йўлдан борувчи халифалар суннатини лозим тутиб, уни жағ тишларингиз билан тишлаб олинглар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг Расулига ва у зотнинг йўлини тутган мужтаҳид имомларга ҳурмат билан эргашиб, итоат этиш ва шу йўлда мустаҳкам туриш нажот топишга асос бўлади.
Абдуғофур НИЁЗҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими мутахассиси
“Ислом нури” журналидан