ҲЕЛЛОУНИ ҲАҚИДА ҲАҚИҚАТ ёхуд ўзликка назар
Дунёнинг қиёфаси ўзгариб, одамлари эса бир хиллашиб боряпти. Бугун сайёрамизнинг қайси кунжагига қарасангиз, деярли бир хил: йиртиқ-ямоқ шим кийиб, сочини хўрознинг тожига ўхшатиб олган, эгнидаги кийими алламбало ёзувлар билан бежалган ёш-ялангни учратасиз. Буниси ҳам етмагандек, ривожланган давлатлардаги турли туман маросимларни ривожланаётган ва қашшоқ давлатлар аҳолиси ўзларининг турмуш тарзига андоза қилиб олаётгани ва ўшаларга ҳар жиҳатдан ўхшашга интилаётгани янада аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Масалан, ҳар йили октябрь ойи сўнгида Интернет, ижтимоий тармоқлар, ҳатто айрим ОАВ воситаларида Ҳеллоуин “байрами”ни муносиб кутиб олишга, унда фаол қатнашишга тарғиб этувчи материаллар эълон қилина бошлайди. Негаки, Ҳар йили 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси Оврўпа давлатларида, шунингдек, бизнинг юртимиздаги оврўпа турмуш тарзига ружу қўйган ўта замонваий оилалар Ҳеллоуин байрамини кенг нишонлайдилар.
Ҳамма гап шундаки, бу байрам ҳақида кўплаб одамлар тўлиқ маълумотга эга эмас. Орамиздаги ўта замонавий, модапараст ва кўнгилхушликка оид ҳар қандай анъаналар билан ҳамнафас кимсалар бу байрамни хурсандчилик деб нишонлашмоқда. Бироқ Ҳелловеннинг тарихи, мазмун-моҳиятини ўрганиб кўрсангиз бутунлай бошқача манзарани кўрасиз.
Ҳеллоуин инглиз тилидаги “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” иборасининг қисқарган ифодасидир. Баъзи манбаларда, Ҳеллоуин аёз, зулмат, қабоҳат ва ўлим (ёки мурдалар) “худоси” бўлган Самайн номи билан боғлиқ маросим, деб ёзилади. Уни дастлаб ҳозирги Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ҳудудидаги халқлар нишонлашган. Совуқ кунлар арафасида 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси барча чироқлар, шамлар, фонуслар, олов ва ўчоқлар ўчирилган. Қоронғу зулмат ичра одамлар ўлим фариштасига ҳамду санолар ўқишган. Биз сен билан, биз ҳам сендекмиз, бизнинг жонимизни олма, қабилида унга лаганбардорлик қилишган. Эртаси куни катта гулхан ёқиб, юзларига турли ниқоблар кийиб бир-бирларини қўрқитишган ва ораларидан кимнидир ўлим “худоси”га қурбон қилишган.
Бошқа манбада келтирилишича, VII асрда Рим папаси Бонифаций 1 ноябрни “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” деб эълон қилган. Бугунги 31 октябрь куни нишонланадиган Ҳеллоуин байрами шундан келиб чиққанлиги ҳақида фаразлар мавжуд.
Одамлар шу куни махлуқлар кўринишидаги қўрқинчли либослару ёвузликлар акс этган ниқобларда кун бўйи кўчада оломон бўлиб юришади, шовқин-сурон кўтаришади, тунги клубларга бориб кўнгиллари истаган ишни қилишади ҳамда шундан руҳий ҳузур олишади. Ҳеллоуин куни зулм ўтказиш, ёвузлик, инсониятга хос бўлмаган жиҳатлар тарғиб қилинади. Бундан ташқари, Ҳеллоуин куни кўплаб қонун бузилиш ҳолатлари, турли жиноятлар, тартибсизликлар юзага келади. Ҳеллоуиннинг асосий ранги қора ва оловранг бўлиб, қора ранг ўлим ва зулматни ифодалайди. Оловранг эса важоҳат, даҳшатни англатади. “Ўликлар байрами” деб аталиши эса Ҳеллоуиннинг даҳшатлар гирдоби эканлигини билдиради. Қўрқинчли маросимда иштирок этган ёшнинг руҳий олами бир кундаёқ бузилади, табиати ва онги бевосита сатанизм (шайтон васвасасига учиш, талваса) таъсирига тушиб қолади. Ғарб мамлакатларида 31 октябрдан сўнг болалар орасида невроз, турли руҳий эврилишлар, ноодатий тажовузкорлик, тунги қўрқув каби ҳолатлар ортиб кетар экан. “Шайтонлар каранавали”да иштирок этган болалар у ерда бир-биридан даҳшатли ниқоблар билан тўқнаш келади, ўлим, дўзах, иблис, одам бош чаноғи, суяклар, қон, тобут ҳақидаги саҳналарни томоша қилишади. Оқибатда айрим болалардаги қаттиқ қўрқув, оғир хасталиклар, ҳатто суицид, яъни ўз жонига қасд қилишга ҳам сабабчи бўлар экан. Фанда қайд этилган Самайнофобия номли қўрқув тури айнан “Ҳеллоуиндан қўрқиш” дейилади. Бундан азият чекаётган айрим ғарб мамлакатлари Ҳеллоуинни таълим муассасаларида нишонлашни тақиқлашга мажбур бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, дунё бўйича катта даромад келтирувчи байрамлар қаторида Ҳеллоуин Рождестводан кейин иккинчи ўринда туради. Масалан, биргина АҚШда айнан мазкур даҳшатли тадбир сабаб ота-оналар болалари учун турли ниқоб ва либослар харидига умумий ҳисобда 2,5 миллиард доллар сарфлар экан. Кўриниб турибдики, Ҳеллоуинлаштириш айрим марказлар учун чўнтак қаппайтиришнинг яна бир самарали услуби аслида.
Жанубий Африкадаги кўплаб мусулмонларнинг чет давлатларга кўчиб кетишининг сабаби ҳам Ҳеллоуин байрамининг мактабларда кенг нишонланишидир. Бу байрамнинг мусулмон эътиқодига умуман мос келмаслигининг сабаби – бу байрам бутпарастликни, зўравонликни, қабоҳатни тарғиб этувчи сохта эътиқоддир.
Бир сўз билан айтганда, Ҳеллоуин маънавиятсизлик, ахлоқсизлик, тажовузкорликнинг юксак намунасидир. Бу “байрам”да қатнашган ёшларнинг руҳияти синади, ҳаётни, инсонларни фақат қора рангларда кўра бошлайди, ундан ҳам ёмони, қаттиқ қўрқув натижасида қандли диабет, юрак хасталиги каби тузалмас дардлардан бирига мубтало бўлади. Айниқса, биз мусулмонларнинг Ҳеллоуин байрамидан мутлақо узоқда бўлишимиз жуда муҳимдир. Ҳеллоуин байрами нишонланаётганда бизнинг бу байрамга қизиқишимиз имонимизни заифлаштиради. Чунки бу байрамнинг келиб чиқиши бидъат ва ширкдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини бундай деб огоҳлантирган:
“Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради” (Фотир сураси, 6-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимки қайси миллатга тақлид қилса, улардан бири бўлади”.
Биргина Ҳеллоуин байрами эмас, балки Оврўпадан кириб келаётган оломон маданиятининг турли унсурлари ёшларимизнинг, ҳатто катта авлоднинг ҳам руҳиятига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг миллий тарбиясига, имон-эътиқодига зарба бермоқда. Масалан, ёшларнинг ҳаддан ортиқ калта кийинаётгани, танасини яшириш учун эмас, бўрттириш учун кийим танлаётганини-ку, қўяверасиз, уларнинг эгнидаги кийимнамо нарсалардаги тасвирлар ва ёзувлар янада даҳшатлироқ. Нима эмиш, скелет ва қўрқинчли тасвирлар туширилган кийим кийиш мода эмиш. Айниқса, “Kill me, please (мени ўлдир, илтимос)”, “Kiss me, baby (мени ўп, севгилим)”, “Dirty girl (ифлос қиз)”, “I want you love me (мени севишингни истайман)”, “I am immoral lover (мен ахлоқсиз ошиқман)”, “I want to die (мен ўлишни истайман)”, “Tonight I’m single (бугун кечқурун ёлғизман)” каби ёзувдаги кийимлар оммалашган. Бундай ёзувли кийимни бирор марта ҳам кўрмаганман, дея олмайсиз. Чунки кўчаларда, бозорларда бундай кийимларни ҳар ким ҳам учратиши мумкин. Қуённинг расми туширилган ва “Playboy” деб ёзилган кийимларга кўзимиз тушяпти. Бу ёзув аслида нима маънони билдиради, нега қуённинг расми туширилган, деб ҳеч қизиқиб кўрдингизми? “Playboy” сўзи енгилтак йигит, айвош йигит деган маънони билдиради. Қуён расми ва “Playboy” сўзи АҚШдаги шармсиз расмларни тарғиб қилувчи журналнинг эмблемаси ҳисобланади.
Ўзимизни ҳурмат қилсак, одамларга, айниқса, хорижликларга кулгу бўлишни истамасак, юқоридагилардан хулоса қилиб, нималар ёзилган, нималарнинг расми туширилган кийимларни кияётганимизга эътиборли бўлишимиз даркор. Илло, кийимдаги ёзувнинг, расмнинг маъносини била туриб бундай кийим кийиш ахлоқсизлик, билмай туриб кийиш эса лақмаликдир. Бу ўринда кимнидир камситиш ниятимиз йўқ, фақат ёшларнинг онгини бузадиган, миллий маъанаиятимизга таҳдид соладиган бундай воситалардан ота-оналарни ва ёшларнинг ўзларини огоҳлантирмоқчимиз, холос.
Миллатимиз табиатига ёт бўлган, ёшларнинг вақтини ўғирлаш билан бирга уларнинг онгига енгилтаклик, беҳаёлик уруғларини жойлаётган трендлар инстаграм, тик-ток ва лайки каби ижтимоий тармоқларда роса кўп. Бу тармоқларда ҳамма фаол. Лайкида чиқаётган трендларни ижтимоий тармоқларга ўзимизнинг ёшлар ҳам чиқаряпти. Аммо шу видеоклипларга ёзилган коментарий (шарҳ)ларни кўрган киши даҳшатга тушиб кетади – уят!
Келиннинг дугоналарига орқа ўгириб олиб гул отиши юртимизда аллақачон урфга айланиб кетди. Оврўпадан кириб келган ушбу одатга кўра, қизлардан қайси бири гулни илиб олса, навбатдаги тўй ўшаники бўлармиш. Тор ва калта куйлак кийган қизларнинг энгашиб, майишиб гулни олишга талашаётганини кўрган кишининг кўнгли беҳузур бўлади. Чунки иффат пардасидаги қиз бола турмушга чиқиш билан боғлиқ туйғусини нафақат омма олдида, хусусан, ота-онаси, ака-укаси, қавму қариндошлари орасида намойиш этишидан ортиқ шармандалик борми! Қизларимиз ниҳоятда иболи бўлгани боис уларга ҳатто совчи келгани киши орқали, яъни онасими, опасими воситасида билдирилади. Энди мана бу “гул отар” оммалашганидан кейин “билдирилар эди” деб айтаверса ҳам бўладиган бўлиб қолди. Негаки, ана шу одат қизларимизнинг юзидан ҳаё пардасини сидириб олмоқда.
Нима учун биз кийиниш услуби, қилиқлари, турмуш тарзи, трендлари яна бошқа одатлари бизникига сира ҳам ўхшамайдиган Оврўпадан нусха кўчиряпмиз. Улар бизнинг атлас кўйлагимизни кийиб олиб, бошига рўмол ўрамаган-ку, тўғрими. Бизнинг ўз одатларимиз ўзимизга ярашади, уларники ўзларига. Ўзга мамлакатлардан туристлар Ўзбекистонга ўзбек анъаналарини, ўзига хос кийиниш услубларини кўриш учун келишади. Аммо бизда ҳам ёшлар Овпўпа каби кийиниш услубига ўтиб кетган. Бу ҳолни кўрган сайёҳларнинг, айниқса, зиёрат туризмига келган меҳмонларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Шундай экан, биз аждодларимиз юрган йўлдан юришимиз ва уларга тақлид қилишимиз керак. Ўз анъанавийлигимизни йўқотмаслигимиз даркор. Ана шундагина бошқаларнинг ҳам ҳурматига сазовор бўламиз.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА