Мақолалар

ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ВАФОТИ ТАРИХИ

Чоп этилди May 2, 2019 ЮСУФ ҲАМАДОНИЙ ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ВАФОТИ ТАРИХИda fikr bildirishni o'chirish

Ҳазрати шайх Юсуф Ҳамадоний муҳаррам ойининг йигирма саккизинчи куни пайшанбада вафот этдилар. Тафсилоти шундай: Пешин намозини адо этгач, меҳробга суяниб, муридларига: «Сув иситинг!» дедилар. Муридлар йиғладилар. Шайх ҳазратлари Абдуллоҳ Баррақий, Ҳасан Андоқий, Аҳмад Яссавий ва бу фақир Абдулхолиққа ҳамда ўша ерда ўтирган қолган дўстларига қараб шундай дедилар: «Биз ўрнимизга вакил сифатида Хожа Абдуллоҳ Баррақийни ихтиёр этдик. Унга эргашингиз, мухолафат этмангиз. Иршод навбати сизга келгач, гўзал ва саодатли ҳаёт кечиринглар, муридларга қалб зикри қилишларини, баланд овоз билан зикр этмасликни тушунтиринг. Султон Санжар ибн Маликшоҳ учун ёзилган одоб ҳақидаги хусусларни муридларингизга ҳам англатинг!»

Кейин муборак юзларини Хожа Аҳмад Яссавийга ўгириб: «Фотир, Ёсин ва Нозиат сураларини тиловат қилинг!» дедилар. Хатм тугагач, дўстлардан бир фарёд кўтарилди. Шунда шайх ҳазратлари: «Ҳақ таолонинг шундай бандалари борки, уларнинг жон беришини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди», деб қуйидаги байтни ўқидилар:

Ошиқон чунон жон бидиҳанд,

К-он жо Малак ул-мавт нагунжад ҳаргиз.

(маъноси: Ошиқлар шун­дай жон берурларки,

У ерга ўлим фариштаси асло сиғмайди).

Кейин улуғ шайхнинг юзларида бир ўзгариш рўй берди. Хожа Абдуллоҳ Баррақий муридларга боқиб: «Сизлар чиқингиз!», деди. Шайх: «Мени шу уйга дафн этингиз, жанозамни Масжиди жомеда қилинг, қизимни Саййид Шарофуддиннинг ўғлига никоҳланг», дедилар. Шайх ҳазратнинг рафиқаси у зотдан қирқ кун аввал вафот этган эдилар. Уни Чокардизага дафн этишганди. Кейин дедилар: «Мени Хожа Абдуллоҳ Баррақий ғусл қилдирсин, қабрга Ҳасан Андоқий қўйсин». Шу онда Хизр, Илёс, Абдол, Ғавс ва Қутб кириб келдилар. Бу эранларнинг ҳар бири ҳазрати Шайх билан видолашдилар. Кейин Хожа Хизр (алайҳиссалом) қўлини узатиб, шайхга оппоқ олма берди. Шайхимиз олмани ҳидлаб, Ғавсга бердилар, Ғавс ҳам ҳидлагач, шайхимиз: «Эй дўстлар, жаноза намозига тайёргарлик кўринглар, Аллоҳнинг бандаларига меҳрибон бўлинг, Ғавсни менинг ёнимга дафн этинг!» дедилар. Васияти тугагач, шайхимизнинг жон қуши охират оламига қанот қоқди. Ғавс ҳам шайхимизга мувофиқ баданини бўшатди, жон берди. Пешқадам улуғлар[1] ўша ерда эдилар, шайхнинг васиятини адо этдилар, жаноза намозини ўқидилар, қабрга дафн этгач:

«Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у Зотга қайтгувчилармиз» (Бақара сураси, 156-оят), дедилар. Ғавсни ҳам ўша
уйга кўмдилар. У уйни очиб, суффа иморат қурдик.

[1] «Тибён»да «Самарқанд улуғлари».

 

 

 

 

 

Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг

“Мақомати Юсуф Ҳамадоний” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 11500 сўм