«Исломга қарши провокациялар Швеция хавфсизлигига таҳдид солмоқда» — мамлакат Бош вазири
Яқинда Швецияда Туркия ва Исломга қарши ўтказилган провокациялар мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигига анчагина салбий таъсир кўрсатди.
Бу ҳақда Швеция бош вазири Ульф Кристерссон маълум қилган.
“Бу Швециянинг дунёдаги обрўси ва шведларнинг мамлакат ташқарисидаги хавфсизлиги учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин”, деди у.
Унинг сўзларига кўра, Туркияга қарши провокация ва Стокҳолмда Қуръон нусхасининг ёқиб юборилиши дезинформацион кампания доирасида амалга оширилган.
Бош вазир бу кампаниядан мақсад Швецияни исломофоб давлат сифатида кўрсатиш эканлигини тушунтирди.
21 январь куни Даниянинг ўта ўнгчи “Hard Line” партияси раҳбари Расмус Палудан Туркиянинг Стокҳолмдаги элчихонаси олдида Қуръони карим нусхасини оммавий равишда ёқиб юбориш билан исломга қарши провокацияни амалга оширган эди.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған 23 январь куни Швеция Стокҳолмда Туркияга қарши акциялар ўтказиш ва Қуръонни ёқиш учун рухсат бериш фонида унинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси Анқара томонидан дастакланишини кутмаслигини таъкидлади.