Ризқ бўлган балиқ
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ҳижратнинг саккизинчи йилида қилинган Сифул-баҳр (Ҳабат) сафарида бошидан ўтганларни ҳикоя қилади:
Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бошчилигида бизни Қурайш карвонини таъқиб этиб қўлга олишимизни буюрдилар. Биз уч юз суворий эдик. Авваллари озиқ-овқатимизни ёнимизда олиб юрардик. Аллоҳнинг Расули бизга озиқ бўлсин деб бир товоқчада хурмо бергандилар. Чунки шундан бошқа нарса топилмаган эди.
Дастлаб бошлиғимиз бизга бир ҳовучдан хурмо берарди. Егулигимиз буткул камайганидан кейин озиқларимизнинг ҳаммасини бир жойга тўплашни амр қилди. Кейин эса бизга кунига биттадан хурмо бера бошлади.
Ҳикоя шу ерга келганда тингловчилардан бири: “Битта хурмо очликни даф қиладими? У билан қандай қилиб кунингиз ўтди?” деб сўради.
Жобир сўзини бундай давом эттирди: “У хурмони худди бола онасини эмгандек, эмиб сувини ичардик. Ўша битта хурмони кечга қадар шундай қилиб суриб юрардик. Хурмолар буткул тугаганидан сўнг эса ўша бир дона хурмонинг ҳам қанчалар катта неъмат бўлганини англадик. Кейин таёқларимиз билан йўлда учраган дарахт япроқларини қоқардик ва уларни териб олиб, сувга ботириб ердик. Шунинг учун бу сафаримиз япроқ еган лашкарлар сафари маъносида “Жайшул-ҳабат” деб аталди.
Ушбу сафарда дастлаб учта туя сўйилди. ундан кейин яна уч туя сўйилди, ундан кейин яна учта туяни сўйганимиздан сўнг бошлиғимиз Абу Убайда туя сўйишни тақиқлади.
Йўлимизда давом этиб денгиз соҳили бўйлаб юрдик ва соҳилда ўн беш кун қолдик. Бир куни соҳилда кетаётганимизда қаршимиздан баланд қум тепалигига ўхшаган бир нарса чиқди. Унинг олдига бордик. У тепа эмас, Омбар дейилган балиқ экан. Бошлиғимиз Абу Убайда: “Бу ўлимтик экан, уни ейиш ҳаромдир”, деди. Сўнгра фикрини ўзгартирди. “Йўқ, бизлар Аллоҳнинг Элчисининг элчиларимиз, бундан ташқари, Аллоҳнинг йўлидамиз. Сизлар жуда оғир аҳволда қолдингиз, бисмиллаҳни айтиб еяверинг”, деди.
Олдинроқ айтиб ўтганимдек, биз уч юз киши эдик, бир ой давомида ўша ерда қолиб мазкур балиқ билан озиқланиб турдик, ҳатто бироз тўлишдик ҳам. Балиқнинг кўзининг чуқуридан идишларга ёғ олганимизни ҳам хотирлайман. Биз ундан ҳўкизнинг катталигидаги парчаларни кесиб олардик. Бир сафар Абу Убайда ўн уч кишини балиқнинг кўз чуқурига ўтқазди, унинг қовурға суякларидан биттасини олиб ерга қадади. Сўнгра бизнинг энг катта туяларимиздан бирининг устига эгар қилди ва туя билан қовурға суягининг остида ўтди.
Кейинроқ эса балиқнинг гўштидан бостирма тайёрладик. Мадинага қайтганимизда Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бориб бўлган воқеаларни гапириб бердик. Аллоҳнинг Расули бундай дедилар: “Ўша балиқ Аллоҳ сизлар учун чиқарган бир ризқ эди. Унинг гўштидан ёнингизда ҳеч қолмадими, бизга ҳам таттирсангиз”.
Биз Пайғамбар алайҳиссаломга балиқдан бир парча бердик ва зот ҳам едилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Ширкат, 1, Жиҳод, 124, Мағозий, 65, Забоиҳ, 12; Муслим, Сайд, 17-21; Абу Довуд, Атъима, 46; Насоий, Фаръа ул-отира, 35; Молик, Муватта, Сифатун-набий, 24; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 308-309, 311-312, 378-379; Ибн Ҳиббон, ас-Саҳиҳ (Арнаут), XII, 64-65.