Маънавият мулкининг мутафаккири
Сўз мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоий ижоди мисли бир уммонки, унинг тубидаги инжу ва дурларни, жавоҳирларни териб олиш учун кишининг маънавияти юксак даражада бўлиши керак.
Беш асрдан ошдики, Навоий халқ фахри, тилимизнинг байроқдори, шеърият мулкининг султони, маданият ва маънавиятимизнинг порлоқ қуёши бўлиб келмоқда. Навоийдек шоирлар тасодифан дунёга келмайди. Бунинг учун жуда яхши шаклланган ижтимоий, маданий-маърифий муҳит ва ривожланган иқтисодий-сиёсий шароит зарур. Навоий – ўн бешинчи аср фарзанди. Лекин унинг ижодий шахсияти Соҳибқирон Амир Темур асос солган буюк салтанат билан, шу салтанатдаги маърифий-маънавий юксалишлар билан чамбарчас боғлиқ.
Амир Темур Мирзо Улуғбек тақдирида қанчалик муҳим ўрин тутган бўлса, темурийзода Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийнинг Навоий бўлишида алоҳида ҳисса қўшган. Шунинг учун Амир Темур ҳукмронлиги йилларида шаклланган ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида ибратли натижалар берган давлатчиликда бирлик, ҳамжиҳатлик туйғулари шоирнинг илҳом манбаи бўлган.
Навоий фикри очиқ, руҳонияти соғлом, адолат ва ҳақиқатни умрнинг моҳияти деб билган, эл учун, халқ фаровонлиги йўлида ижод қилиш унинг асосий мақсади бўлган. Сўз билан одамни алдаш, сўз билан ёлғонни ҳақиқатга айлантиришга уриниш миллат манфаатлари учун катта зиён ва кечирилмас хато эканини Навоий чуқур англаган. Чунки ўша пайтдаги ижтимоий-маънавий муҳит шуни тақозо қилган. Улуғ шоир умри ва ижоди давомида “Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил”, деган талаб ва шиордан мутлақо чекинмаган.
Навоий ўн бешдан зиёд шеърий жанрларда қалам тебратган. У ғазал, рубоий ва бошқа турдаги шеърларида инсонга хос жамики гўзал ҳис-туйғулар, эзгуликка чорловчи маъноларни тасвирлаб берган, десак асло муболаға бўлмайди.
Навоийнинг ўзбек тилида илк марта “Хамса” яратиши чинакам ижодий жасорат эди. “Хамса” — беш улкан достонни ўз ичига олган мукаммал асар. Ҳар достоннинг ўзи бир оламдирки, ундаги ғоялар, ҳақиқатлар, неча ўнлаб қаҳрамонлар тақдири инсоният қалбини абадул-абад завқлантиришга қодир. Алишер Навоийнинг буюклиги ва халқимиз тарихидаги улкан хизматлари фақат ҳазратнинг мутафаккир шоирлиги билан белгиланмайди. Навоий бадиий ижод жабҳасида қанчалик тенгсиз бўлса, илмда, яъни олимликда ҳам шунчалик беназирдир.
Ҳазрат асарларидаги юксак бадиият, шунингдек, фалсафий-ахлоқий қарашлар ҳам ҳанузгача ўз оҳорини йўқотган эмас. Навоий шеърлари ва достонларида илгари сурилган ахлоқий тамойиллар ҳамда қаҳрамонлар қиёфаларида ифода этилган адолат, садоқат, бурч, муҳаббат, раҳм-шафқат, мардлик, камтарлик сингари фазилатлар ҳақида кўп ёзилган.
Кўпчилик деярли ёд биладиган ва айрим анжуманларда такрор-такрор ўқиладиган “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш…”, деб бошланадиган рубоийга илмий тадқиқотлар ва дарсликларда шарҳлар берилиб, унинг яратилиш тарихига тўхталиб ўтилган, моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилинган.
Навоийдек нозиктаъб шоир мазкур рубоийда шахс эрки, Ватан муҳаббати, ватанпарпарлик ва эрксеварлик ғояларини ифодалаган. Шоирлар султони дея улуғланган Алишер Навоий ҳар бир сўзни ўз ўрнида қўллаган. Шунингдек, ҳар бир сўзни назм ипига дурдек тизиб ортиқча мулоҳазага ўрин қолдирмаган.
Мумтоз адабиётимизда булбул ва гул ошиқ билан маъшуқа тимсоли сифатида оддий ҳамда кўчма маънода қўлланиши кўп учрайди. Гул маъшуқа маъносини беришидан ташқари, роҳат, лаззат, баҳор, жон, май, тахт деган бир қанча мазмунларда истифода этилади.
Айтишларича, булбул кундузи гулзорда очилган гулга парвона бўлиб унинг ишқида куйиб-ёнади, хониш этади. Кеч тушган заҳоти тиканзордаги чакалакка бориб инида тонг оттирар экан. Айнан биз тилга олган мавзуда Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонида булбул гулнинг ишқи менга кифоя этади, дейилади.
Хуллас, замонлар ўтса ҳамки, Навоийнинг шахси, асарлари қадри ошса ошдики, асло камайгани йўқ. Ҳазратнинг асарларидаги ғоя ва қарашлар умумбашарий маъно-мазмун касб этиб, асрлар оша яшаб келмоқда.
Бобомурод ЭРАЛИЕВ