Минтақа. Соломон оролларида Ислом
Ушбу давлат Тинч океани минтақасида жойлашган, 992 оролдан иборат. Оролларнинг учдан бир қисмида аҳоли яшади. Расмий тили – инглиз тили. Аммо аҳолининг 1-2 фоизгинаси шу тилда гаплашади, холос. Оролнинг аҳолиси 700 000га яқин бўлса-да, улар 120 тилда гаплашади. Улар ҳам биз, ўзбекларга ўхшаган болажон халқ, аҳолисининг 43 фоизини 15 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади.
Ислом Соломон оролларида ҳозирча озчилик дини ҳисобланади. Турли манбаларда таъкидланишича, Исломга мамлакат аҳолисининг 1дан 5 фоизгача бўлган қисми эътиқод қилади. Мамлакатнинг 93 фоизи эса насронийлардир. Мусулмон жамоалари аҳмадийлар ва суннийларга бўлинган.
Соломон оролларига мусулмонлар дастлаб XIX аср охирларида, архипелаг (бир-биридан унчалик узоқ бўлмаган ва одатда бир бутун деб ҳисобланадиган ороллар тўдаси) Буюк Британия мустамлакаси бўлган вақтда кириб борган. Улар инглизлар ёллаган афғонлар эди. Афғонлар, асосан, юк ташиш, умумий озиқ-овқат соҳасида ва йўл қурилишида хизмат қилишган. 1931 йилда мазкур ороллардаги мусулмонлар сони 393 кишига етган. Бироқ уларнинг кўплари ватанига қайтиб кетишган. Кейин эса маҳаллий аҳоли вакилларининг Исломга қизиқиши туфайли мусулмонлар сони бирмунча ортган.
Хуллас, Соломон оролларининг мусулмонлар билан алоқаси жуда яқин тарихга бориб тақалади. Мамлакатда 1980 йилларнинг охиридан бошланган фаолиятлар натижасида мусулмон озчилик шаклланди. Лекин мамлакатда то яқин йилларгача бу соҳадаги фаолиятлар асосан аҳли суннат доирасидан ташқарида бўлган ва эътиқод нуқтаи назаридан бидъат қарашларга эга кодиянлик ҳаракати орқали амалга оширилаётган эди.
Ҳозирги кунда Соломон оролларидаги мусулмонлар сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Тахминий рақамлар бир неча юздан бир неча минггача. Шу боис мамлакатдаги мусулмонлар улуши ҳамон 0,5 фоиздан пастлиги тахмин қилинмоқда. Аниқроқ рақамлар билан айтадиган бўлсак, АҚШ давлат департаменти ҳисоботига кўра, мамлакатда 350 нафар атрофида мусулмон истиқомат қилади. Аммо бошқа манбаларнинг хабарларига таянилса, мамлакатдаги фақат мусулмон-аҳмадийларнинг сони мингдан ҳам ошиқроқ. Аҳмадийлар жамиятининг бош қароргоҳи Соломон ороллари пойтахти Хониарада жойлашган. Шунингдек, аҳмадийлар қадимий ороллар бўлган Гуадалканал, Рассел, Саво ва Беллонага ҳам тарқалган.
Кейинги йилларда сунний мазҳаб воизларининг минтақага кўп бораётгани туфайли мамлакат аҳолисига Исломни ҳақиқий маъносида таниш имконияти пайдо бўлмоқда. Яъни ҳозирги вақтда Соломон ороллари аҳолиси орасида Исломга мойил кишилар, айниқса, ёшларнинг сони ортмоқда. Шунингдек, у ерга борган сунний воизлар ва олимлар саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ кодиёнларнинг ҳам баъзилар тўғри йўлдан адашганликларини англаб етиб, ҳидоятга қайтмоқдалар.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.