Яндекс такси – ишончли хизмат кўрсатувчими?
Кеча тунда юз берган воқеадан кейин уни ишончли эмас экан, деган тўхтамга келдим. Кеча 00.32 да ота-онам Абдурауф Фитрат кўчаси, 34-уйнинг олдидан Яндекс такси чақиришган. Уларга 4 дақиқадан кейин давлат рақами 01 254FB бўлган оқ спарк келиши хабар қилинган. (Ҳайдовчи – Раҳманов Камолиддин Шарофиддинович). Кейин улар йўлнинг ўнг тарафида таксини кутиб туришган. Йўлнинг чап тарафига бир спарк келиб тўхтаган. Вақт ўтаверганидан сўнг улар ҳайдовчининг +99899 590 90 30 рақамига қўнғироқ қилишган. Телефонда чақириқ бошлангани заҳоти, ўша, кўчанинг чап юзидаги спарк ҳаракатланган. Улар “Шу эканми?” деб рақамига қарашса, айнан ўша. Кейин қўлларини кўтариб силкитиб уни чақиришибди. У буларнинг чақирганига қарамасдан светфордан ўнгга қайириб кетибди. “Фурқат” боғи тарафдан қайирилиб келса керак, деб кутишда давом этишибди. Аммо қайтиб келмабди ҳамда уст-устига қилган қўнғироқларига жавоб ҳам бермабди.
Буниси ҳам етмагандек, такси чақирган вақтида 13000 сўм кўрсатилган бўлса, дадамнинг пластигидан Яндекс 13500 ечиб олибди. Бундан-да ажабланарлиси, бугун ўшани ўрганамиз деб кўрсак, Яндекс “история”сида 9500 ечиб олинди, деган хабар турибди. Уни бир зумдан кейин ўчириб ташлашди.
E-Com oplata: UPAY YANDEX TAXI, UZ,09.07.23 00:42,karta ***3447. summa:13500.00 UZS balans:994774.11 UZS
Яндекснинг “қўллаб-қувватлаш” хизматини бўлиб ўтган воқеадан хабардор қилганимизда қуйидаги жавобни олдик:
“Ассалому алайкум!
Пулингиз картангизга қайтарилади. Одатда пул тез келади. Аммо банкларда қайтариш вақти турлича бўлади: бу 7 ёки 30 иш куни бўлиши мумкин.
Ҳайдовчи ҳаракатни сизсиз бошлаган ва тугатган – бундай бўлиши мумкин эмас. Мен ҳамкасбларга ҳайдовчи сизнинг қўнғироқларингизга жавоб бермаганини хабар қилдим. Улар унга нима учун фойдаланувчиларнинг қўнғироқлари ва хабарларини эътиборсиз қолдирмаслик кераклигини эслатиб, саёҳатларини диққат билан кузатиб боришади.
Умид қиламанки, кейинги сафарингиз яхши ўтади”.
Буларни кўрган дадам: “Пластигимни Yandex дан тез ўчиришим керак экан, йўқса, улар ҳамма пулимни ечиб олиб қўядиганга ўхшаяпти, деб хавотирланиб тургандим. Аммо яна бир ой кутишимга тўғри келар экан-да”, деб куладилар. Яна давомидан айтадиларки, “Ўзи улар менга ўзлари хабар юборганидек, 9500 қайтарармикан ёки “5800”да хабар қилинганидек, 13500 ними?” деб қўядилар.
Ана шунақа, азизлар! Яндексдан эҳтиёт бўлинг, айниқса, унга пластигингиз уланган бўлса!..
Энди анови таксичи масаласига келсак, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 188-оятида: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг”, деб огоҳлантирган. У одам озгина юришдан эриниб, шундоққина оёғининг тагига келиб турган ҳалолни ўзига ҳаром қилиб олди. Яна у кеча-ю кундуз тўртта ғилдиракнинг устида юрадиган одам… Аллоҳ оқибатини хайрли қилсин!
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА