Ота дўстига эҳтиром
Тобеин олимлардан Куфа қозиси Абу Бурда ал-Ашъарий ҳикоя қилади:
Бир сафар Мадинага боргандим. Асҳоби киромдан Абдуллоҳ ибн Умар менинг зиёратимга келди ва гаплашиб ўтирганимизда:
– Нима учун сенинг зиёратингга келганимни биласанми? – деб сўради.
– Йўқ, билмайман, – деб жавоб бердим.
Шунда у бундай деди:
– Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Отасини қабрда зиёрат этишни истаган киши отасининг ўлимидан сўнгра унинг дўстларини зиёрат қилсин”, деганларини эшитганман. Менинг отам ҳазрати Умар билан сенинг отанг Абу Мусо ал-Ашъарий ўртасида қардошлик риштаси ва биродарлик алоқаси бор эди. Шу сабабдан ўша дўстликни тирилтирмоқ истадим[1].
* * *
Яна Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу мавзудаги бошқа бир хотирасини ҳам тобеин олимлардан Абдуллоҳ ибн Динор бундай ҳикоя қилади:
Бир сафар ибн Умар ҳаж ибодати учун Маккага бораётган эди. Ёнида туяга минишдан чарчаганида устига миниб дам оладиган эшаги, яна бошига ўраган салласи бор эди.
Бир куни Ибн Умар эшагининг устида дам олиб кетаётиб бир бадавий билан учрашиб қолди. Унга аввал салом берди, кейин эса:
– Сен фалончининг ўғли, писмадончи эмасмисан? – деб сўради.
Одам:
– Ҳа, – деганидан кейин эшагини унга берди ва:
– Ол, бунга мин, – деди.
Сўнгра бошидаги саллани ҳам узатиб:
– Ол, буни бошингга ўраб ол, – деди.
Одам кетганидан сўнг ҳамроҳларидан бири Ибн Умардан:
– Аллоҳ яхшиликни насиб айласин. Бу одам бир бадавий. Бадавийлар озга қаноат қиладилар. Устида дам олиб келаётган эшагинг ва бошингга ўраган саллангни нега унга бердинг? – деб сўради.
Ибн Умар унга бундай жавоб берди:
– Мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини эшитган эдим: “Яхшиликларнинг энг қийматлиси, инсоннинг отаси ўлганидан сўнг отасининг дўстининг оиласини қўллаб-қувватлашидир”.
Бу одамнинг отаси менинг отам ҳазрати Умарнинг дўсти эди[2].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Абу Яъло ал-Мавсулий, Муснад (ношир. Ҳусайн Салим Асад), Димашқ, 1412/1992, Х, 37; Ибн Ҳиббон, ас-Саҳиҳ (Арнаут), II, 175; Албоний, Силсилат ул-аҳодис ис-саҳиҳа, III, 417-418
[2] Муслим, Бирр, 11-13; Абу Довуд, Адаб, 120; Термизий, Бирр, 5; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, II, 89, 91, 97, 111.