“Мен ютдим”
Энг кўп ҳадис ривоят қилган етти кишидан бири бўлган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳижратнинг тўртинчи йилида майдонга келган Биримауна ҳодисасини қуйидагича ҳикоя қилади:
Бани Амир қабиласидан баъзи кишилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келдилар ва:
– Бизга Қуръон ва суннатни ўргатадиган устозлар юборсангиз, – дедилар.
Расули акром уларнинг талабларига биноан қабиласига доимо Ҳарамайнда бўлган етмиш кишини юбордилар. Ана ўша етмиш киши “қурро” дейиларди.
Улар Қуръон ўқирдилар ва кечалари Қуръони каримнинг оятлари мазмуни устида сўз юритиб, пухта ўрганардилар. Кундузлари масжидга сув келтирардилар, ўтин тўплаб сотардилар, топган пулларига эса масжидда ётиб-турадиган фақирларга егуликлар харид қилиб келишардилар.
Пайғамбар алайҳиссалом Бани Амир қабиласига ана шу кишиларни юборган эдилар. Улар Биримауна жойлашган ерга яқинлашганларида тоғам Ҳаром: “Мен сиздан олдин бу одамларнинг олдига бораман. Агар улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган амрни уларга билдиргунимизга қадар бизга тегмасалар, қандай яхши. Мабодо, менга бир зарар берсалар ҳам жуда узоқда бўлмайсиз”, деди.
Кейин тоғам уларнинг қаршисига борди. Бошида унга тегмадилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрларини уларга англатиб бошлаган эди ҳамки ичларидан бирига ишорат қилдилар. У тоғамга найзасини тиқиб олди, ҳатто найза танасининг бир тарафидан кириб иккинчи тарафидан чиқди. Шунда тоғам: “Аллоҳу акбар! Каъбанинг Раббисига қасам ичаманки, мен ютдим”, деди. Сўнгра бу золим одамлар тоғамнинг биродарларининг устига бостириб бордилар. Мусулмонларни тоққа қочган бир оқсоқ одамдан бошқа ҳаммасини шаҳид қилдилар. Мусулмонлар шаҳид бўлишдан олдин: “Аллоҳим! Бизнинг хабаримизни Пайғамбаримизга етказ. Бизлар Сенга қовушдик ва Сендан рози бўлдик, Сен ҳам биздан рози бўлдинг”.
Жаброил алайҳиссалом келиб бу фожеанинг хабарини Пайғамбар алайҳиссаломга етказди. Буни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Шубҳасиз, дин қардошларингиз ўлдирилдилар. Улар ўлимларидан олдин бундай дедилар: “Аллоҳим! Бизнинг хабаримизни Пайғамбаримизга етказ. Бизлар Сенга қовушдик ва Сендан рози бўлдик, Сен ҳам биздан рози бўлдинг”.
Ана шу фожеадан кейин Пайғамбар алайҳиссалом қирқ кун тонг вақтида Аллоҳга ва Унинг Расулига исён этган Риъл ва Зақвон қабилалари ҳамда Лиҳайн ва Усаййа ўғилларини баддуо қилдилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Жиҳод, 9, Мағозий, 28; Муслим, Мажосид, 297, Имора 147; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 288