ЎЗИНИ ТАНИГАН РОББИНИ ТАНИЙДИ
Тафаккур
Инсон боласи “энг гўзал суратда” яратилган маҳлуқдир. Кўзлари юзининг олд қисмига муносиб тарзда ўрнаштирилган. Бири тепада, бири пастда эмас. Қўлларининг бири кўксида, бири курагида жойлашмаган. Сочи пешонасида ўсмаган. Ҳамма аъзолари ўз ўрнида, мукаммал, гўзал, фойдали… Шундай комил бир шаклда яратилган инсон боласи ҳам бу фоний оламда сўнгги дамларини яшайди, вақти келиб жон таслим қилади.
Инсонлар сингари бу дунёни безаб турадиган бошқа яратиқлар, ҳайвоноту наботот ҳам, кун келиб бу “қари дунё” ҳам ўлади. Демак, одам болалари ва жами яратиқлар “ожизи мутлақ” ва “фақири мутлақ” оралиғидадир…
Хўш, “ожизи мутлақ”, яъни мутлақ ожизлик ҳоли нима?
Вақт бир ип, бир кино тасмаси сингари жонли маҳлуқотнинг бўйнига тақилган. Ундан қутулиш, ечиб ташлаш имконсиз. Вақт (ҳаёт, умр) шундай бир ипки, у ҳеч бир жонзотга малол келмайди, ҳатто уни бўйнидан ечишни хаёлига ҳам келтирмайди. У мавжудотни шундай мағлуб этган бир арқон кабидир. Сўнгра… вақти етганда ўша ип орқали тутиб олиб кетилади…
Бутун бало ва мусибатларнинг бош манбаи вақт. У тўхтамас, тўхтатила олинмас экан, ўлим келиши табиийдир. Бу икки карра икки тўртлиги каби аниқ ҳақиқат. Бир зумга ҳам тўхтамайдиган, тўхтатиб бўлмайдиган вақт одам боласини ўлимга олиб боргани каби бу фоний дунёни ҳам ўлимга элтиши турган гап.
Қани, эй ўзини дунёга ҳукмрон санаган “куч эгалари”, қўлингиздан келса вақтни тўхтатинг-чи?! Вақтни тўхтатиш учун қуёшни тўхтатиш, ойни тўхтатиш, кечани, кундузни, мавсумларни, сонияни, дақиқани, соатни ўртадан “кўтариб” ташлаш керак. Бир уруғнинг молекуласида кечаётган атом ҳаракатини издан чиқариш лозим. Ейиш, ичиш мумкин бўлган нарсалар собитлашиши, яъни, жараёнга киришиб, танадан ташқарига чиқариб ташланадиган ҳолга келмаслиги талаб этилади бунга… Хўш, бу ишни қила олиш мумкинми? Йўқ албатта! Биз айтмоқчи бўлган “ожизи мутлақ” мана шудир. Яъни, ўлимга, бало-мусибатга, қариликка нисбатан ожиз қолиш ҳолидир. Буни англаган баъзи кишилар “ўлимдан қутилиш чораси”ни қидиришади…
Энди “фақири мутлақ”, яъни, мутлақ фақирлик ҳоли нима эканини билиб олсак. Фақирлик фақатгина кўпимиз билган моддий жиҳатдан йўқсиллик ҳоли эмас.
Инсон организмида ҳар куни миллионлаб зарралар, ҳужайралар ўлади. Тасаввур қилинг, кунига минг, ўн минг, юз минглаб зарралар ўлади. Ўрнига бошқаси келиши, уларнинг вазифасини бажариши лозим. Масалан, кўзнинг ичидан бир зарра ўлиб, чиқиб кетди. Унинг ўрнига янги бир заррани ким ошқозонга тушган моддалар ичидан ажратиб, қон томирларда айлантириб кўзнинг ўша нуқтасига етказиб, жойлаштиради. У заррага “кўриш” сабоғини ўргатиб қўяди?!
Киши шу зайл вужудининг ҳар куни пайдо бўладиган миллионлаб эҳтиёжларини ўйлаб кўриши лозим. Хўш, бу муҳтожлигимизни кимга арз қиламиз, кимдан мадад, имдод сўраймиз? Қуёшдан, ойдан ё шу каби яратиқларданми?! Инсоният ва бошқа жонзотлар мутлақ фақирлик ичра, муҳтожлик ҳолидадир. Аммо баъзиларимизнинг хабаримиз ҳам бўлмаган ҳолда ҳаммамизга марҳамат қилиб, эҳтиёжларимизни қаноатлантириб турган бир Зот бордир.
Бу ҳақиқатларни ўйлаган, фикр қилган киши атрофидагиларнинг, яқинларининг ўлимини тасаввур қилиб, безовта бўлади. Ота-онаси, ака-укалари, болалари, севган кишиларининг ўлимини кўз олдига келтириб, хотиржам бўлолмайди.
Мўмин киши ўзига назар қилади. Вужудида ҳар куни миллионлаб заррачалар ўлим топаётганини кўради. Ўзи ҳам вақт аталмиш ип орқали ҳар дам ўлим сари яқин тортилиб бораётганини англайди. Тош билмайди, мол ўйламайди, қуёш фикрламайди. Аммо инсон ожизиятини кўрган, тушунган сари безовта бўлади. Бу оламни йўқликдан қутқариш чорасини қидиради ва… Тавҳиди Илоҳийни топади. Оламни ўлимдан олиб, ўлимсизликка чиқара олувчи Аллоҳга юзланади. Аллоҳни топгач, “Аманту биллаҳи ва бил явмил ахири”, дея Аллоҳга ва охират кунига имон келтиради. Энди ундаги ачиниш ҳисси шавққа айланади. “Модомики, бу коинотнинг Соҳиби бизни синов учун бу оламга келтирган, мукофотига жаннатни ҳозирлаб қўйган экан, имон ила ўлим топганларга ачиниш ўринсиздир” дея тасалли топади.
Мўмин энди бу дунёни абадий оламнинг бир дастгоҳи деб билади. Ўзининг бу оламга мусофир, меҳмон экани эсидан чиқмайди. “Бу олам оламларнинг Робби бўлган Аллоҳнинг бир меҳмонхонаси. Бизлар у Карим Зотнинг меҳмон бандаларимиз. У бизни абадий оламга таклиф этиб, бориш йўлларини кўрсатган. Шундай экан, ўлим учун қайғуриш нега керак? Қиладиган ишимиз оламлар Соҳиби кўрсатган йўлдан бориш, Унинг розилигини топиш ва абадий ҳаётнинг чиптасини қўлга киритиш, мусибат, бало, ҳатто сочимизга тушган оқларни бир огоҳлантириш, деб билишдир.
Мўмин бўлмаганлар-чи? Тавҳиди имонга эришмаган, охиратни, ўлимдан сўнг қайта тирилиш ва абадий ҳаёт борлигини қабул қилмаганлар эса ҳар дам, ҳар куни ўлим билан юзма-юз келишларини ўйлаб қаттиқ титраб-қақшайди. Яқинлари, севган кишиларининг вақт иплари бирма-бир тортилиб, мозористонга элтиб кўмиб келиниши уларни жуда қўрқитади. Қанчалар бой бўлмасин, ўзлари ва яқинларининг баъзи ҳужайралари қайта тикланмай қолиши, вужудларининг зарурий эҳтиёжлари қонмай, модда етишмаслиги натижасида турли хасталикларга чалиниб, даҳшатга тушадилар. Аммо барибир, қулоқлари “кар”, кўзлари “кўр” бўлганидан ҳақиқатни эшитмайди, кўрмайди. Дард ва қўрқувни енгиш учун чорани спиртли ичикиликлардан, ақлини “фалаж” қилишдан топмоқчи бўлади. Гўё “овчи мени кўрмай қолсин” деб бошини қумга тиқиб олган туяқуш сингари…
Шундай замонда яшаяпмизки, ғафлат мўминларнинг ҳам ҳар ёнини қамраб, ҳисларига қадар қамал қилган. У кўп ҳолларда “ўлим ҳақиқати”ни унуттира олмоқда. Ҳолбуки, ҳар куни минглаб, ўн минглаб ўлим ҳодисалари содир бўлмоқда. Одамлар буни ўз кўзлари билан кўриб, билиб, эшитиб турган бўлсалар ҳам тағин ўлимдан кейинги ҳаёт тадоригини кўришни орқага сурмоқда. Ҳолбуки, бизнинг қиладиган ишимиз, буюрилган вазифамиз аниқ. Шундай экан, фурсатни қўлдан бермай ишга киришинг!..
Собиржон РУСТАМОВ,
Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби