ИБН АББОСНИНГ ФАҲМИ
Саҳобалар ҳаётидан
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Саодат асрида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида ҳали ёш йигит эди. Уни ҳаммадан кўпроқ ҳазрати Умар яхши кўрарди. Илми ва фиқҳдаги фаҳмини бошқаларда кўрмаганди. Умар розияллоҳу анҳу уни катта саҳобалар даврасига олиб борарди.
Бир куни Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу жаҳли чиқиб Умар розияллоҳу анҳуга: “Уни ўзингизга яқин тутасиз. Ундан савол сўрайсиз. Унга ўхшаган болалар бизда ҳам бор!” деди.
Умар розияллоҳу анҳу: “Унинг жуда фаҳмли эканини яхши биласиз-ку”, деди. Кейин ҳазрати Умар саҳобалардан “Наср” сураси ҳақида сўради.
Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср сураси, 1–3-оятлар).
Ҳамма ўз жавобини айтди. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга юзланиб, сура маъносини сўради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бундай деди: “Бу сура аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқин қолганига ишора қилувчи ҳамдир. Чунки одамларнинг тўп-тўп бўлиб Исломга кира бошлаши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз вазифаларини адо этиб бўлганларидан дарак беради. Сурада Аллоҳ таоло буни у зотга шундай билдирган”, деди.
Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг кўзлари ёшланди ва: “Аллоҳга қасамки, мен ҳам шундай деб биламан!..” деди.
Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби
Собиржон РУСТАМОВ тайёрлади