Ота соғинчи
Ота соғинчи
Инсон улғаяр экан, бугуни хотира бўлиб, армонлари кўпайиб бораверади. Армон қиламан, ота, ахир тикувчилик ҳунарим билан қанча инсонларга кийимлар тикдим, кексайиб “Болам, менга белбоғ тикиб бермайсанми?” деганингизда тикиб беролмадим-а! Тиккан белбоғим насиб қилмади, сизга. Ҳозир ўша белбоғни ўзим билан олиб юраман. У билан армоним бирга юради.
Бир куни поездда олис сафарга чиқдим. Кўзларим йўлда-ю, хаёлим олисда, қаршимга келиб ўтирган нуроний отахон сизни ёдимга солди. Очиғи, отаси ёнида бўлган қизига ҳавасим келди. Қизининг меҳрибончилиги, отасининг ҳам худди ёш қизчани эркалагандай муомаласидан завқланиб, уларни кузатдим.
- Қизим, олинг, бу ўзимнинг боғимдан, мевалардан еб ўтиринг, – деб такаллуф қилган отахон дастурхондаги олма-узумларни олдимга сурди.
- Отам ҳам шундай боғда ишлашни яхши кўрарди. Сизга ҳам ўхшаб кетарди. Белига белбоғини боғлаб боғдан келмасди, – шундай дея узумни оғзимга соламан, бўғзимга ёшим тиқилади. Яна соғинч азобини ҳис этаман.
Отахоннинг айтишича, қизи 5 ёшлигида аёли оламдан ўтган экан. Шундан кейин бошқа оила қурмабди. Аёлини яхши кўрган, ўгай она қизини турткилашини ўйлаб бунга рози бўлмаган экан. Отаси ҳикоя қилиб берар, ёнида ўтирган қизи тинглаб кўз ёшларини артарди. Куёвининг ҳам ўғли каби меҳрибонлигини, ҳозир уларнинг уйида набираларини улғайтираётганини айтди.
- Мен ва турмуш ўртоғимнинг ишимиз ҳар тонг у кишидан дуо олиш билан бошланади. Ҳар сафар отамдан дуо олиб кетамиз. Фарзандларим ҳам буни кўриб, мактабга кетаётиб, бобосидан дуо олади. Отамнинг бироз тоби қочди, шунга яхши шифокорларга кўрсатиб келяпман, уйдагилар ҳам қўнғироқ қилиб, тезроқ келинглар дейишди, – дейди қизи.
Ёдимда, отажон, сиз ҳам биз қизларга бошқача меҳрибон эдингиз. Кўзимдаги ёшларни артиб, уларга ҳавас қилаётганимни билдирдим. Ҳамиша сумкамда олиб юрадиган, ўша менга армон бўлиб қолган белбоғни отага бердим. Шу дам армоним ушалгандек бўлиб енгил тортдим.
Сафия НАЗАРОВА
“Мўминалар” журналнинг 2024 йил, 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws