Ҳақиқатни рад этиш
Хоҳиш-истаклар ва ғурурга зид бўлган ҳақиқатни рад этиш энг даҳшатли нафс касаллиги
саналади. Бунга чалинган одам нафсини жиловлай олмайди ва унга қарши туролмайди. Натижада нафсига мағлуб бўлади ва ғолиб нафс ўз эгасини истаганча бошқара бошлайди. Аллоҳ таоло
нафсни назоратда тутиш учун: «…Энди сизни йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг. Шундай қилмоғингиз сизни йўқдан бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир…», деб буюрган (Бақара сураси, 54-оят).
Ишорий тафсир муфассирлари оятдаги “ўзингизни ўзингиз ўлдиринг”ни “ҳар бир инсон нафсини поклаши учун уни хорлаши, қоралаши ва маънан ўлдириши керак”, деб тафсир қилганлар.
Муолажа услуби
Бу касалликнинг энг яхши давоси – бекорчи ва фойдасиз ишларни тарк қилиш, Аллоҳ таолога бутун қалб ила интилиш ва Унинг иродасига тўлиқ бўйсуниш ҳисобланади.
Aллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишни буюрганда у зотнинг итоатини синамоқчи эди. Иброҳим алайҳиссалом Раббининг амрига тўлиқ бўйсуниб, синовдан муваффақиятли ўтди.
Бу ҳақда Соффат сурасининг 103–105-оятларида: «Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида, биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”» дейилган.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилиш учун бир қўчқор ато
этди. Натижада Исмоил алайҳиссаломнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ: “Ким бу дунё билан алоқани сақлаб қолса, Аллоҳ унга жаннатни ман қилади”.
Ибн Яздониёрдан: “Банда қандай ният билан Аллоҳга интилиши керак?” деб сўрашди. У: “Аллоҳ ризолиги учун воз кечган нарсаларига ҳатто ўгирилиб ҳам қарамаслик ва содир қилган гуноҳларига асло қайтмаслик билан”, деди. Бундай жавобдан кейин: “Бу сўзларингиз тавба қилган гуноҳкорларга тегишли. Аллоҳга ишончи заиф одам қандай ният билан интилиши керак?” деб сўрашди. Олим: “Ўтмишдаги муваффақиятсизлик ва қайғуларга ғарқ бўлишни тўхтатиб, келажакдаги ҳолати яхши бўлишини қалбан чуқур ҳис этиб, Аллоҳга интилсин”, деб жавоб берди.
Абу Абдураҳмон Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг
муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
http://hidoyatuz.taplink.ws