Ҳадиси қудсийнинг луғавий ва истилоҳий таърифи
“Ҳадиси қудсий” атамасининг луғавий маъноси ҳадис ва қудсий сўзларининг маъносини англаш билан аниқланади. “Ҳадис” аслида “қадим” сўзининг зидди бўлиб, луғатда “янги”, “сўз” ва “хабар” маъноларини ифодалайди. “Қудсий” сўзи эса “пок”,
“муқаддас” деган маъноларни англатади.
“Ал-Қуддус” – Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири. Маъноси барча айбу нуқсонлардан пок дегани.
“Руҳул қудс” – Жаброил алайҳиссалом. Нафсни поклайдиган ваҳий олиб келгани учун шундай номланган.
“Ҳазиротул қудс” жаннат номларидан бири бўлиб, ўралган покиза жой маъносини билдиради.
“Байтул муқаддас” – гуноҳлардан пок бўладиган макон. “Ҳадис” ва “қудс” сўзларини умумлаштирадиган бўлсак, “ҳадиси қудсий” – пок сўз ёки муқаддас сўз маъноларини англатади.
Ҳадиси қудсий “ҳадиси илоҳий”, “ҳадиси раббоний” ҳам дейилади.
Истилоҳий маъносига келсак, бу борада уламолар жуда кўп таърифларни келтирганлар. “Ҳадиси қудсий”га берилган кўплаб таърифлар ўрганилганда, фазилатли шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг “Юзта саҳиҳ қудсий ҳадис ва уларнинг шарҳи” китобидаги таърифи қисқа, лўнда ва фойдаси кўпроқ бўлгани учун танланди ва уни тўлиғича эътиборингизга ҳавола этамиз. Таъриф қуйидагича:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилган ҳар бир очиқ-ойдин сўзлари ҳадиси қудсийдир”. Бу таърифда тўртта қайд мавжуд.
“…сўзлари…” Бундан феъл чиқиб кетади. Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад” китобида: “Аллоҳ раҳматни юз бўлакка бўлди. Шундан тўқсон тўққиз бўлагини Ўз ҳузурида ушлаб қолди…” дейилади. Бу Аллоҳ таолонинг феълини ҳикоя қилиш бўлиб, ҳадиси қудсий номи остига кирмайди. Бундай ҳадислар талайгина.
“…очиқ-ойдин…” Бундан очиқ-ойдин бўлмаган сўзлар чиқиб кетади. Имом Бухорийнинг: “Менга сизлар, албатта, қабрларингизда Масиҳ Дажжолнинг фитнасичалик ёки шунга яқин фитнага учрашларингиз ваҳий қилинди…” ва Имом Муслимнинг: “Албатта, Аллоҳ таоло Менга тавозели бўлинглар, деб ваҳий қилди. Ҳеч бир киши бошқа кишига фахрланмасин ва ҳеч бир киши бошқа кишига душманлик қилмасин” ҳадислари бунга мисол бўлади.
Аллоҳ таолонинг: “Менга ёки Иброҳимга ёки Мусога мана бундай қил, деб ваҳий юборди” деган сўзлари ва шунга ўхшаш сўзлар ҳадиси қудсий ҳисобланади.
Яна “Нидо қилгувчи нидо қилади”, “…деб айтилади” каби баъзи очиқ-ойдин айтилмаган сўзлар ҳам шунга ўхшайди, яъни бундай иборалар билан келган сўзлар қудсий ҳадис ҳисобланмайди. Мисол учун, Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси: «…Албатта, сизлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна
қилинмаган ҳолда ҳашр қилинасизлар… Умматимдан бир гуруҳ кишилар олиб келиниб, чап тарафга олинади. Мен эса: “Эй Раббим, (булар) асҳобчаларим!” дейман. Шунда: “Улар сендан кейин нималарни пайдо қилишганини сен билмайсан”, дейилади».
“…Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ривоят қилган…” Бунда санади саҳиҳ бўлса ҳам, исроилиёт ва шунга ўхшаган у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқаси ривоят қилган ҳадислар чиқиб кетади. Шайх Муҳаммад Маданийнинг “ал-Итҳафат ас-сания” китоби охирида келтирган ҳадиси бунга мисол бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинади: «Менга айтиб берилган ҳадисда: “Мусо алайҳиссалом ёки Исо алайҳиссалом: “Эй Раббим, яратган бандаларингдан рози бўлишинг белгиси нима?” дедилар. Аллоҳ азза ва жалла: “Деҳқончилик вақтида уларга ёмғир ёғдиришим”, деди».
Бу ривоят ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳадиси қудсий ҳисобланмайди. Шунингдек, саҳобанинг самовий китобларнинг биридан ривоят қилган сўзи ҳам ҳадиси қудсий бўлмайди. Бунга Имом Бухорийнинг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари ҳақида ривоят қилган ҳадиси мисол бўлади:
«Хўп! Аллоҳга қасамки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги баъзи сифатлари ила Тавротда ҳам васф қилинганлар: “Эй Набий, албатта, биз сени гувоҳ, хушхабарчи ва огоҳлантирувчи, уммийларнинг ҳимоячиси қилиб юбордик. Сен бандамсан ва Расулимсан…”»
“…Аллоҳ азза ва жалладан ривоят қилган…” Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталарнинг биридан ёки Жаброил алайҳиссаломдан келтирган ривоятлари ҳадиси қудсий ҳисобланмайди. Ваҳийнинг бошланиши ҳақидаги ҳадис бунга мисол бўлади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар”китобидан.
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws