Ҳадиси қудсий билан Қуръони карим ўртасидаги фарқ
Ҳадиси қудсий билан Қуръони карим орасида бир қанча фарқлар бор. Улар қуйидагилардан иборат:
– Аллоҳ таолонинг Китоби “Қуръони карим” деб номланади, аммо ҳадиси қудсийни “Қуръон” деб бўлмайди.
– Қуръони карим фақат ваҳий орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган. Ҳадиси қудсийлар эса ваҳий, илҳом ва туш кабилар воситасида хабар берилган.
– Қуръони каримда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади, ҳадиси қудсийда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам нисбат берилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Аллоҳ таолога нисбат бериладиган сўзлар уч қисмга бўлинади. Биринчиси, Қуръони карим. Бу энг шарафли Китобдир. У бошқа самовий китобларда мавжуд бўлмаган ўзига хос хусусиятларга эга. Иккинчиси, ўзгармаган ҳолатдаги пайғамбарларга нозил бўлган самовий китоблар. Учинчиси, ҳадиси қудсийлар.
Пайғамбарларга нисбат бериладиган сўзлар эса тўрт қисмга бўлинади. Биринчиси, Қуръони карим. Иккинчиси, ўзгармаган ҳолатдаги пайғамбарларга нозил бўлган самовий китоблар. Учинчиси, ҳадиси қудсийлар. Тўртинчиси, ҳадиси набавийлар. Қуръони каримнинг лафзи ва маъноси Аллоҳ таолодан бўлади. Қудсий ҳадисда маъно Аллоҳ таолодан, лафз эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бўлади. Бу жумҳур уламоларнинг сўзи. Баъзи уламолар ҳадиси қудсийнинг лафзини ҳам, маъносини ҳам Аллоҳ таолодан бўлади, деган.
Қуръон каримнинг лафзи ва маъноси ожиз қолдирувчидир. Ҳадиси қудсийда эса ожиз қолдириш хусусияти йўқ.
Қуръони карим мутавотир йўл билан ривоят қилинган. Ҳадиси қудсийларнинг барчаси оҳод йўли билан ривоят қилинган.
Қуръони каримни инкор қилган киши кофир бўлади. Ҳадиси қудсийни инкор қилган киши фосиқ бўлади.
Қуръони каримнинг тиловати ибодат ҳисобланади. Унинг ҳар бир ҳарфига ўнта савоб берилади. Ҳадиси қудсийда бундай хусусият йўқ.
Қуръони карим оятлари намозда тиловат қилинади. Ҳадиси қудсийни намозда ўқиб бўлмайди.
Қуръони каримни жунуб ҳолда ўқиш ва бетаҳорат ушлаш мумкин эмас. Ҳадиси қудсийни ўқиш ёки ушлашда таҳорат шарт қилинмайди. Аммо одоб юзасидан пок бўлгани афзал.
Қуръони каримнинг маъносини ривоят қилиб бўлмайди. Қудсий ҳадиснинг маъносини ривоят қилса бўлади. Қуръони каримда сура ва оятлар бор. Ҳадиси қудсийда эса бундай эмас.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг дўконлардаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws