Умра қуйидаги амаллардан иборат
• Эҳромга кириш (фарз).
• Тавоф қилиш (фарз).
• Сафо ва Марва орасида саъй қилиш (вожиб).
• Сочни олдириш ёки қисқартириш (вожиб).
Умрада бундан бошқа фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, макруҳ ва ҳаром бўлган амаллар ҳам
борки, уларни ўз ўрнида тушунтириб ўтамиз.
Умранинг вақти.
Бу ҳақда “Мухтасар-ул виқоя” китобида бундай дейилган:
“Умрани адо этиш йил бўйи жоиз. Арафа куни ва ундан кейинги тўрт кунда макруҳдир”.
Умра зиёратини арафа, Қурбон ҳайити ва ташриқ кунларидан ташқари йилнинг барча ойларида
адо этиш мумкин. Мазкур беш кун ҳаж амаллари вақти бўлгани учун шу кунларда янги эҳром боғлаб умра қилиш макруҳи таҳримий бўлади.
Рамазон ойида амалга оширилган умра энг афзал ҳисобланади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра (савоби) ҳажга тенг ёки мен билан бирга адо этилган ҳажга тенг”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Баттол раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисни бундай шарҳлайди: “Рамазонда қилинган умранинг савоби ҳажнинг савобига тенг. Бироқ у ҳажнинг фарзини соқит қила олмайди”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида тўрт марта умра қилганлар.
Умранинг турлари. Умра уч хил кўринишда адо қилинади:
Ифрод (ёлғиз умра). Умранинг бу тури уч хил кўринишда бўлади:
– ҳаж ойларида ортидан ҳаж амалларини қўшмай, ёлғиз умра учун эҳромга кириш;
– ҳаж қилиб бўлгандан кейин унинг кунлари чиқиб кетганда алоҳида умра қилиш;
– ҳаж ойлари бўлмаган вақтларда умра қилиш.
Таматтуъ. Бу аслида ҳажнинг тури бўлиб, унда ҳаждан олдин умра қилинади. Таматтуъ “ҳузурланиш” маъносини англатади.
Унинг бундай номланишига сабаб шуки, киши аввал умрага ният қилади. Умрани қилиб бўлганидан
кейин эҳромдан чиқиб, ҳузур қилиб юради. Ҳаж кунлари келганда ҳажга ният қилиб, унинг амалларини бажаради.
Қирон. Бу ҳам ҳажнинг тури бўлиб, унда умра амали адо этилади.
Қирон “қўшмоқ” маъносини билдиради. Бунда киши умра ва ҳажни бирга ният қилиб эҳром боғлайди.
Аввал умра қилади, ундан кейин эҳромдан чиқмай ҳаж амалларини бажаради.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Умра – улуғ ибодат” китобидан
http://hidoyatuz.taplink.ws