Тарбия. Фарзандимиз – кўзгудаги аксимиз
Айрим оилаларда фарзандни зулм остида тарбиялаш, афсуски, одат тусини олган. “Бола кимдандир қўрқиши керак, тарбияда танбеҳ таъсир қилмаса, урасан-да” дейдиганлар ҳам топилади. Баъзи ота-оналарнинг ўғил-қизини қандай уриб тарбия қилганини мақтаниб гапириб бериши эса жаҳлингизни чиқаради. Ахир ҳозирги замонда бола тарбиясига оид манбалар кўп-ку! Уларда болани уришнинг салбий жиҳатлари бирма-бир саналиб, исботлаб берилмоқда.
Дарҳақиқат, ота-онасининг зуғуми остида улғаяётган болада уларни яхши кўрганидан эмас, қўрққанидан ҳурмат қилиш ҳисси бўлади. Баъзилар улғайгач, ота-онасининг ўзини урганини юзига солса, айримлар қўрс муносабати билан болаликдаги аламзадаликдан қутулишга ҳаракат қилади.
Шундай ота-оналар борки, фарзандини бошқаларнинг олдида изза қилади ва буни кўпчиликнинг олдида танбеҳ берсам, яхши таъсир қилади, деб ўйлайди. Ўсмирлик даврининг ўзгарувчанлиги, тез хафа бўлиб ва тез жаҳл қилиши сабаб ана шундай ноўрин муносабатлар унга салбий таъсир қилади. Жуда таъсирчан ўсмирлар ўз жонига қасд қилиши ҳам мумкин. Таассуфки, ана шундай ҳолатлар ҳам бўлган.
Ушбу масалада руҳиятшунос Барно Рустамова бундай дейди: “Фарзандларимиз билан ўсмирлик даврида дўст бўлишимиз керак. Улар билан тортишиш, беҳудага жаҳл қилиш вазиятни ёмонлаштиради. Шу сабаб фарзанд билан зиддиятга бормай, уларни ранжитмай, руҳан соғлом қилиб тарбияламоқчи бўлган ота-оналар қуйидагиларга эътибор беришлари лозим: фарзанд тарбияси ота-онанинг ўзини ислоҳ қилишидан бошланади. Баъзи ота-оналар эркаланиб кетади, дея болаларини бағриларига босмайдилар. Аслида бола тарбиясининг асл моҳияти – ўзаро яқинлик ва боғланишдир. Фарзандлари нотўғри йўлга кириб қолмасин, дея ҳаддан ортиқ тергаб, сиқувга олмаслик керак. Акс ҳолда, бола ёлғон гапиришга ўтиши мумкин. “Сени шу ҳолда кўрганлар нима дейди? Қўни-қўшнига хунук кўринамиз, ота-онаси тарбия қилолмабди, дейишади”. Бировнинг фикрини мана шундай қилиб устун кўрсатиш – катта хато. Бу болада ўзига бўлган ишончни камайтиради. Агар унинг айби қанча кўп айтилса, бола шу қадар шафқатсиз ва уялишдан узоқ бўлиб қолади. Шу сабаб ҳам фарзандларимизни хатолар билан айблаб, уларни қайта-қайта хато қилишига сабабчи бўлмайлик. Аксинча, уларни хатоси устида ишлашга, уни тўғрилашга ўргатайлик”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир гўдак фитратда туғилади. Ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилиб қўяди”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Тоза фитратли фарзандларимизни билиб-билмай фитратига доғ туширамиз. Илк марта бақирганимизда ғазабни, бесабаб урушганимизда адолатсизликни ўрганади. Демакки, улар бизнинг кўзгудаги аксимиздир. Етук фарзанд орзулашдан аввал тарбияни гўзал қилинг, иншоаллоҳ, фарзандингиз солиҳ-солиҳалар бўлади.
Маҳбуба СОДИҚОВА,
“Мўминалар” журналидан
http://hidoyatuz.taplink.ws