Олима аёллар. Фотимаи Самарқандия
Динимизда аёлларнинг илм-маърифатли бўлишига катта эътибор қаратилган. Бунинг натижасида илм-фан ва маданият тараққиётида беқиёс ҳисса қўшган Нодирабегим, Увайсий ва илм-фан ҳомийси бўлган Бибихоним каби кўплаб маърифатпарвар олималар яшаб ўтишган. Ана шундай олималардан бири Фотима бинти Муҳаммад Самарқандиядир.
Фотимаи Самарқандия – буюк фақиҳ Алоуддин Самарқандий (ваф. 1144)нинг қизи ва машҳур ҳанафий фақиҳи Абу Бакр Косоний (ваф. 587/1191)нинг турмуш ўртоғидир. Олима таълимни асосан отасидан олган. Самарқандийнинг Ислом ҳуқуқига оид “Туҳфатул фуқаҳо” ва Қуръон тафсирига оид “Шарҳу таъвилоту аҳлис сунна” каби асарларини ёддан билган. Шунингдек, ўз замонасининг барча зарур билим ва санъатларини эгаллаган.
Абдулҳай Лакнавий “Фавоидул баҳийя” асарида: “Фотимаи Самарқандия машҳур олима, фақиҳадир. Фиқҳ (Ислом ҳуқуқи)ни отасидан ўрганган, унинг “Туҳфа”сини ёддан билган!” дея таърифлайди.
Олима кўп асар ёзгани айтилса-да, манбаларда биргина фиқҳ илмига оид “Мажмаъул фавоид ли жамъил авоид шарҳ туҳфатил мулук” (“Подшоҳлар туҳфаси асарига фойдалар жамланмаси шарҳи”) асаридан бошқасининг номи зикр этилмаган”.
Фотиманинг турмуш ўртоғи Абу Бакр Косоний ҳам унинг отаси Алоуддин Самарқандийнинг шогирдидир. Косонийнинг Фотимага уйланиши ҳам ибратли воқеа бўлган. У Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфатул фуқаҳо” асарига “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” деган йирик ўн жилдлик шарҳ ёзиб, устозига тақдим этганидан асар ҳам мазмунан, ҳам услуб жиҳатидан мукаммаллигини кўриб, қизи Фотимани унга никоҳлаб беради ва қизнинг маҳрига эса “Бадоиъ” қўйилади. Бунгача қизнинг юксак илмий савияси, ақл-заковати ва ҳусни жамоли сабаб бир қанча обрўли хонадонлар, жумладан, ҳукмдор Салжуқий шаҳзодалардан ҳам совчилар келганида Алоуддин Самарқандий барчасига рад жавобини берган эди. Тўйдан кейин халқ орасида “устознинг “Туҳфаси”ни шарҳлаб, қизига уйланиб олди” деган гап машҳур бўлиб кетди.
Фотимаи Самарқандия моҳир хаттот бўлиб, оилавий ҳайъатдан чиқадиган фатволарни шахсан ўзи оққа кўчирган, шунингдек, ўз муҳрини ҳам қўяр эди. Сабаби, у фиқҳ, тафсир, ҳадис ва ақида илмлари олимаси бўлгани учун фатво бериш ваколатига эга бўлган. Янги оила қурилганидан сўнг ҳудудда Алоуддин Самарқандий, Абу Бакр Косоний ва Фотимаи Самарқандиялар номидан муштарак фатволар чиқадиган бўлди.
Абу Бакр Косоний 1146 йил Зангийлар давлати пойтахти Ҳалабга элчи қилиб жўнатилган. Ўн йиллар ўтиб Косоний ўз юртига қайтмоқчи бўлганида, Султон Нуриддин ибн Маҳмуд Ҳалабда қолишини илтимос қилади. Косоний юртга қайтишни умр йўлдоши истаётгани ва унинг раъйини қайтара олмаслигини маълум қилади. Шунда султон Фотимага Ҳалабда қолишни илтимос қилиб хат юборади. Бироқ номани олиб келган эркак киши бўлгани учун олима уни қабул қилмайди. Унинг тақвосига қойил қолиб, ҳукмдор аёл-чопар юборади ва Фотима илтимосни қабул қилади. Шу билан улар Ҳалабда яшаб қолишади.
Фотимаи Самарқандия 1187 йил Ҳалабда вафот этди ва шаҳар ташқарисидаги Мақоми Иброҳим Халил мақбарасига дафн этилди. Кейинроқ турмуш ўртоғи ҳам (1191 йил вафот этганда) ушбу жойга дафн этилиши билан қабристон “Эру хотин қабристони” деб номланган.
Собиржон РУСТАМОВ,
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани
бош имом-хатиби
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws