Ислом аёлга шараф берди
Жоҳилият даврида аёлнинг нафақат ҳуқуқлари оёқости бўлган, балки жамиятда инсон сифатида ўрни ҳам бўлмаган. Айрим араб уруғлари эса, туғилган қиз болани тириклайин кўмишни одатга айлантиришган.
Ислом келиб аёлларнинг ўрни ва шаънини шарафлади. Аёл – она, сингил, жуфти ҳалол ва қиздир. Уларга алоҳида эътибор қаратди. Ҳатто қиз фарзандни тарбиялаб, одобини гўзал қилишнинг мукофоти жаннат деб эълон қилди.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 19-оятида бундай деган: «Ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса».
Аллома Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: “Аёлларга ширинсухан бўлинг, имкониятингиздан келиб чиқиб хатти-ҳаракатингиз ва ташқи кўринишингизни гўзал қилинг, уни қандай (кўринишда) бўлишини ёқтирсангиз, сиз ҳам унга шундай бўлинг”, деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл тўрт нарса учун никоҳга олинади: моли, насаби, жамоли ва дини учун. Сен диндорини танлагин, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аёл моли, насл-насаби, чиройи ва дини учун никоҳга олинади. Вақт ўтгани сари чирой кетади, насаб бузилиши, мулк эса завол топиши мумкин. Аммо буларнинг энг муҳими аёлнинг диндорлиги, Аллоҳга бўлган иймони, муҳаббати ва тақвоси эрнинг ҳам диёнатига катта манфаат ва барака келтиради.
Уламолар қиз фарзанд кўрган кишига хурсандчилик изҳорини кўпайтиришни ҳамда бош фарзанди қиз бўлган келинларни баракали ва қадами қутлуғ, деб улуғлашни таъкидлаганлар. Шунингдек, киши фарзандларига ҳадя бермоқчи бўлса, қизлардан бошлаш лозим, деганлар.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг уч қизи ёки уч синглиси ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлиб, уларнинг одобини яхши қилган ва улар ҳақида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти). Имом Шаъбий: “Кишига аҳли аёли ва ўзига қилган нафақаси учун етти юз мартадан ҳам кўпроқ савоб берилади”, деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен сизларнинг ўз аҳлимга энг яхши муносабатда бўлувчироғингизман”, деганлар.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятида бардавом, оналаримиз, опа-сингилларимиз, аҳли аёл ва
қизларимизга гўзал муносабатда бўлишни насиб айласин.
Фаррух АБДУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Зайд ибн Собит” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws