Менинг сиздек отам бор
Ота-онамнинг зиёратига боряпман. Фарзандларим улғайиб, қизим дастёр бўлганидан буён уларни тез-тез йўқлашга имкон бўляпти. Ҳар сафар борганимда меҳрларидан, эътиборларидан кучга тўлиб, юзларига термулиб, эркаланиб шодланаман. Баъзан болаларим ота уйимга кетаётганимни билишса, “Бобомдан энергия олиш учун кетяпсизми?” деб кулишади. Рости, мен улардан қувват оламан. Улар бағрида бир зум болаликка қайтгандек, дунё ташвишидан қутулгандай ҳис қиламан ўзимни.
Уйга яқинлашар эканман, маҳалламиздаги дўконга кириб онам яхши кўрган ширинликни олдим. Сотувчи мени кўриб хурсанд бўлди. “Амаким билан холамнинг бағирлари тўларкан-да. Ҳозир қизим келяпти, деб нарса олиб кетишганди”, деди. Ширинликка қўшиб жиянларга ҳам у-бу нарса харид қилдим.
Сотувчи ота-онамни мақтай кетди. Ич-ичимдан улар билан фахрландим… Отам – Маҳмуджон Абдулмўмин ўғли, онам – Гулсора Абдулқодир қизи. Тўрт қиз ва икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказганлар. Илм олишимиз, тарбиямизга алоҳида эътибор қилганлар.
Болалик чоғлари уруш йилларига тўғри келган отам тиришқоқ, меҳнатсевар бўлган экан. Мактабда ўқиганимда ёши улуғ муаллимлардан у кишининг яхши ўқиганини эшитганман. Аммо отам мактабни тамомлаб, олийгоҳга ўқишга кирган бўлса-да, тақдир тақозоси билан охиригача ўқий олмаган.
Кўп синфдошларимни оналари назорат қиларди, лекин менинг дадам ишларидан ортиб, мактабимизга бориб, ўқишларимни кузатарди. Уйда бизга дарс тайёрлашимизга ёрдам берарди. Шукрки, ҳаммамиз ҳаётда ўз йўлимизни топдик.
Отамнинг оилапарварлиги, бизга меҳри онамнинг бахтиёрлигидан кўриниб турарди. Онам оқила аёл, биз фарзандларга ҳамиша отамизни ҳурмат қилишни, меҳрибон бўлишни ўргатган.
Нафақага чиққан отам яна илмга берилди. Аллоҳнинг Каломи – Қуръони каримни ўрганишга киришиб, бизга ҳам ўргатди. Уйим олисда, тўрт фарзандим билан ҳеч қаерга боролмаган вақтларимда кексайиб қолган отам эринмай олдимга келиб билганларини ўргатарди. Отамнинг ҳаётидаги энг катта синов 40 ёшли укам Баҳриддиндан айрилгани бўлди, шунда ҳам сабр билан илмга берилди.
Улардан ҳар сафар дуо олганимизда ишларимиз юришиб, муаммоларимиз ҳал бўлиб кетади. Баъзан фарзандларимиз тарбиясида қийналсак, отамнинг маслаҳатларига эҳтиёж сезамиз.
Фарзанд учун тўла-тўкис оила жуда муҳим. Лекин икки томонга айрилган оилаларда бахтнинг кемтиклигини кўрамиз. Улар арзимаган муаммоларга сабр қилишни билишмаган. Вақт ўтиб ортга қарашса, қанча афсуслари бўлади. Балки отам ҳам онамдан ранжиган, онам ҳам пушаймон бўлган вақтлари бўлгандир. Лекин улар оиласини қалқондек асрашган, синовлардан сабот билан ўтган. Бугун эса фарзандлари ардоғида, набираларининг қучоғида кексаликнинг файзли дамларини ўтказишяпти.
Гулчеҳра МАҲМУДЖОН қизи,
Хатирчи тумани
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws