БИРИНЧИ ҲАДИСИ ҚУДСИЙ
Жамловчи ҳадиси қудсий
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ табарока ва таолодан ривоят қиладилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим! Албатта, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим. Ва сизнинг орангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг. Эй бандаларим! Барчаларингиз залолатдасизлар. Фақат Мен ҳидоятга йўллаганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизларни ҳидоятга йўллай. Эй бандаларим! Барчангиз очсизлар. Фақат Мен таом берганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан таом сўранг, сизларга таом берай. Эй бандаларим! Барчангиз яланғочсизлар. Фақат Мен кийинтирганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан кийим сўранг, сизларни кийинтирай. Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато қиласизлар. Мен барча гуноҳларни мағфират қиламан. Бас, Менга истиғфор айтинглар, сизларни мағфират қилай. Эй бандаларим! Сизлар Менга зарар етказишга қодир эмассизларки, Менга зарар етказсаларинг! Менга фойда ҳам етказишга қодир эмассизларки, Менга фойда етказсаларинг! Эй бандаларим! Агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг тақводор инсоннинг қалбидек бўлсангиз ҳам, бу Менинг мулкимга ҳеч нарса зиёда қилмайди. Эй бандаларим! Агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг фожир кимсанинг қалбидек бўлсангиз ҳам, бу Менинг мулкимдан ҳеч нарсани камайтириб қўймайди. Эй бандаларим! Агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб Мендан (ҳожатларини) сўрасалар, улардан ҳар бир инсонга сўраганини берсам, бу мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди, магарам, игна денгизга ботирилганда ундан қанча сувни камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради, холос. Эй бандаларим! Булар сизларнинг амалларингиз. Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо ёки мукофот бераман. Ким яхшиликни топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким ундан бошқа нарсани топса, фақат ўзини маломат қилсин!”» (Ровий) Саъийд ибн Абдулазиз айтади: “(Ровий)
Абу Идрис Хавлоний ушбу ҳадисни айтаётган вақтда тиз чўкиб олар эди” (Имом Муслим ривоят қилган).
Ушбу қудсий ҳадисни Имом Муслим “Саҳиҳ”ида “Яхшилик ва силаи раҳм китоби”нинг “Зулмнинг ҳаромлиги боби”да келтирган.
Ҳадиси қудсий диннинг кўпгина асос ва ҳукмларини қамраб олган, бундан ташқари, одамларга зулм қилиш ҳаром эканига далиллардан биридир. Одамларга зулм қилмаслик, яхшилик ва адолат қилиш шариатнинг энг улуғ мақсадларидан ҳисобланади. Яна ушбу қудсий ҳадисда дуо қилишнинг аҳамияти, банда Аллоҳ таолодан ҳидоят ва дини ҳамда дунёси учун фойдали бўлган нарсаларни сўраши лозимлиги ҳақида сўз кетади.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг гўзал сифатлари, У Зотнинг беҳожатлиги, бандаларига меҳрибон экани, унинг қилаётган ҳар бир амали ўзи учун бўлиши, У Зотга фойда ёки зарар етказа олмаслиги, доимо нафсини тергаб туриши, хатоларига тавба қилиши лозимлигига урғу берилади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws