Зулм – бир ҳақни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйиш
“Зулм” сўзи шаръий истилоҳда: “Ҳақ эгасига нисбатан ноҳақ тасарруф қилиш” деган маънони билдиради. Бировнинг ҳаққини ейиш, азият етказиш, ноҳақлик қилиш, ҳаддан ошиш, сўз ва амалда ғулуга кетиш ҳам зулмдир.
“Зулм” сўзидаги аниқликни билдирувчи “алифлом” араб тили қоидаларига кўра, қамраб олиш маъносидаги “жинсия” учун келмоқда. Бу эса зулм катта ё кичик, хос ё умумий, моддий ё маънавий бўлсин, унинг барча турини қамраб олади.
Зулм бир ҳақни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйиш бўлгани учун Аллоҳ таоло Ўзининг зулмдан пок эканини маълум қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейди:
“Албатта, Аллоҳ заррача ҳам зулм қилмас”
(Нисо сураси, 40-оят).
“Раббинг бандаларга зулм қилгувчи эмас”
(Фуссилат сураси, 46-оят).
Аллоҳ таоло ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлиси ва энг адолатлисидир. У Зот Ўзига зулмни ҳаром қилганидек, бандаларига ҳам уни ҳаром қилди ва уларни бир-бирларига зулм қилишларидан қайтарди…
Уламолар Аллоҳ таоло Ўзи учун ҳаром қилган ҳамма нарса ҳам бандаларга ҳаром бўлавермайди. Бундан баъзи истисноли қоидалар келиб чиқади, дейдилар. Масалан, Аллоҳ таоло Ўзига зулмни ҳаром қилди ва бандалар ўртасида ҳам зулмни ҳаром қилди. Аллоҳ таоло Ўзига ухлаш, мудроқ тутиш каби бандаларига хос ҳолатларни ҳаром қилди ва бандалар учун бу нарсаларни ҳаром қилмади. Аллоҳ таоло кибрни Ўзига мубоҳ қилди ва бандаларига ҳаром қилди.
“Бас, бир-бирингизга зулм қилманг” жумласи арабчада “фала тазооламуу” деб ифодаланган. Араб тили қоидаларига кўра, бу шаклдаги феъллар “музоъаф” дейилиб, иш-ҳаракати икки томонлама бўлишини англатади. Шунда “Бас, бир-бирингизга зулм қилманг” иборасидан икки хил маъно тушунамиз. Бири, зулмни бошламаслик, иккинчиси, зулм билан жавоб қайтармаслик.
Зулмнинг икки тури бор. Бири, гуноҳга қўл уриш билан ўз-ўзига зулм қилиш, иккинчиси, бошқаларга зулм қилиш. Унинг ҳар икки тури ҳам ҳаром.
Ўз-ўзига зулм қилишнинг энг каттаси ширк ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
“Албатта, ширк катта зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк – махлуқни Холиқ даражасига кўтариш ёки тенглаштиришдир. Бу эса ҳақни ўз ўрнидан бошқа жойга қўйиш демакдир. Ҳақни ўз ўрнидан бошқа жойга қўйиш эса зулмдир. Бошқаларга зулм қилиш сўз ва амал билан бўлади. Унинг ҳар икки тури ҳам ҳаром. Бундай киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъбирлари билан айтганда, энг ҳақир ва энг ночор кимсадир…
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws