Она бағридек Ватан бўлмас
Ватан остонадан, йўқ, ундан ҳам олдин – онанинг бағридан бошланади. Дунё юзини кўрган чақалоқнинг илк ватани – меҳрибон онасининг тафти баланд бағридир. Демак, онанинг ўзи – Ватан.
Буюк Раббимизнинг ҳикматини қарангки, илк ватанимиз бўлган оналаримизнинг ўзлари, вақти келганда, қўлларига қурол олиб Ватанимиз, миллатимиз озодлиги учун курашганлар. Томир она тарихи тилдан тилга ўтиб, аёл кишининг Ватанини ҳимоя қилиш учун кўрсатган энг буюк жасорати дея эътироф этилади. Тарихчи Ибн Арабшоҳ бундай ёзади: “Темур лашкарлари орасида аёллар ҳам бўлиб, улар душман билан бўлган тўқнашувларда матонат кўрсатардилар. Найза санчиш, қилич ўйнатиш ва камон отишда эркаклардан ҳам моҳир эдилар”.
Шунингдек, ўтган асрдаги истибдод даврида ўзбек аёлларининг кўрсатган жасоратлари ҳам тилларда достон. Масалан, ХХ аср бошида Кармана беклигида туғилган Нодира қиз номи билан танилган қўрбоши босқинчи қизил армияга қарши жангларда қатнашган. Фарғона водийсидан Шакархон қўрбоши уста Холиқбой қизи 500 йигитдан иборат ҳарбий бўлинмага раҳбарлик қилиб, душманга қарши жанглар олиб борган.
Саодат асрида ҳам Ислом равнақи учун кечган жангларда аёллар фаоллик кўрсатган. Жумладан, Нусайба бинти Каъб розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида ҳамширалик вазифасини бажарган. Шунингдек, унинг қўлига қилич олиб, жанг қила бошлагани ҳам айтилган. Урушларда аёлларнинг иштироки ҳақида сўз борар экан, Имом Бухорий ва Имом Муслим раҳимаҳумаллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Батаҳқиқ, Ойша бинти Абу Бакр ва Умму Сулаймнинг пойчаларини шимариб олиб, мешларни орқаларига қўйиб сув ташиётганларини кўрдим. Уларни одамларнинг оғизларига қуйишар эди. Сўнгра қайтиб бориб, уларни тўлдириб келишар ва яна одамларнинг оғизларига қуйишарди”.
Дарҳақиқат, ёшларимиз она Ватанимизнинг эртанги посбонларидир. Биз навқирон авлод вакилларини баркамол, етук кишилар қилиб вояга етказсак, уларнинг ҳар бирида ор-номус, миллий ғурурни мунтазам шакллантириб борсак, Ватанимиз қудратли давлатга айланади. Ватанни, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш, ватанпарварлик, содиқлик, фидойилик туйғуларини ҳис этиб яшаётган ёшларимиз юртимизнинг порлоқ келажагини таъминлайди, иншоаллоҳ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч (тоифа кишиларнинг) кўзлари жаҳаннамни кўрмайди: Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилган кўз, (Аллоҳдан) қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар (яъни номаҳрамларга назар солиш)дан тийилган кўз”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Шундай экан, азиз жонини гаровга қўйиб кечаю кундуз сергак турган Ватанимиз посбонларига икки дунё саодатини тилаймиз ҳамда она-Ватанимизнинг тинчлиги барқарор бўлишини буюк Раббимиздан сўраб қоламиз.
Орзигул НЕЪМАТОВА,
Мирзо Улуғбек тумани бош отинойиси
“Мўминлар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws