Эзгу ишлар эътибордадир
???? Юртимиз равнақи, элимиз маърифати, ёшларимиз келажаги, динимиз ривожи учун хизмат қилиш – шараф. Ушбу эзгу мақсад йўлида хизмат қилиб келаётган “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижод уйи жамоаси юртдошларимизга Ватанимизда ва хорижда диний-маърифий соҳада рўй бераётган янгиликларни ўз вақтида етказиш, динимиз аҳкомларидан хабардор қилиб бориш, энг долзарб мавзулардаги масалаларни содда ва равон услубда ёритиш устида баҳоли қудрат меҳнат қилиб келмоқда.
????Нашриёт жамоаси кўз нури, қалб қури, чинакам ихлоси билан тайёрлаётган “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси ҳақли равишда ўзларининг кўп сонли ўқувчилари аудиториясига эга бўлган. Шукрки, минглаб мухлисларимиз жорий йилда ҳам ушбу нашрларимизга меҳру муҳаббат билан, илму маърифатга чанқоқлик билан обуна бўлдилар.
Ана шу обуна ишларига одамларимиз ўртасида мутолаа маданияти янада юксалсин, ёшларимизнинг ҳаммаси илмли, одобли инсонлар бўлиб камол топсин. Бундай савоби улуғ, эзгу ишлардан четда қолмайлик, деган яхши ниятлар билан диний соҳа вакиллари ҳам ўзларининг жамоалари орасида обуна ишларига имкониятлари даражасида бош-қош бўлдилар.
????Нашриёт жамоаси бундай жонкуяр тарғиботчиларнинг саъй-ҳаракатларини муносиб баҳолаб, уларга ўз миннатдорчилигини моддий ва маънавий йўллар билан изҳор қилиб келмоқда. Хусусан, обуна мавсумида фаоллик кўрсатган бир неча вилоят вакилликларга, имом-домлаларга, отинойиларга муборак умра сафарига йўлланмалар, қимматбаҳо совғалар ва мақтов ёрлиқлари топширилди.
✅???? Ушбу масъулиятли ишни нашриёт Бош директори Султонбек Имомоназаров ўз зиммасига олди ва Республикамизнинг барча вилоятларига сафарлар уюштириб, нашрларимиз тарғиботчиларига нашриёт жамоасининг миннатдорчилиги рамзи бўлган умра йўлланмалари ва қимматбаҳо совғаларни топшириб келди. Жумладан, ўтган ҳафта сўнгида у Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, даврий нашрларимизнинг 2024 йилги обунасида кўрсатган жонбозлиги учун вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов домла ва жамоасига 2 дона умра сафарига йўлланма ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди. Ундан кейинги сафари Сурхондарё вилоятига бўлди. Мамлакатимизнинг жанубий вилояти вакиллигига ҳам худди шундай совғалар топширилди.
???? Зиёратлар, тиловатлар қилинди, дуоларга қўл очилди, юртимизнинг тинчлиги бардавом бўлиши, элимиз турмуши бундан-да фаровон бўлиши, ёшларимиз орасидан бухорийлар, термизийлар, мотуридийлар, нақшбандийлар чиқиши Раббимиздан сўралди.



