Дуо – банда билан Раббиси ўртасидаги сир
Дуо – банда билан Раббиси ўртасидаги сир, банданинг бандалигини намоён этувчи аломат. Шайх Муҳаммадсаид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб “Ҳикамул атоийя” рисоласига ёзган шарҳида дуонинг одоблари ҳақида қуйидагиларни айтган. Унинг қисқача мазмуни бундай:
“Дуо билан талаб ўртасида катта фарқ бор. Талаб бу талаб қилувчининг айтаётган сўзларидир. Дуо эса, талабдан фарқли ўлароқ, унда икки нарса бўлиши лозим.
Биринчиси, “дуо қилувчи бутун қалби ва вужудини уйғоқ ва хокисор тутиши. Лекин қалби ғафлатда, ўзини хокисор тутмай, хаёли ҳар жойда, фикрлари тарқоқ бўлиб, кафтларни номига кўтариб, ёдлаб олган сўзларини хатога йўл қўймай шариллатиб тилда такрорлаши дуо ҳисобланмайди.
Иккинчиси, дуодан олдин гуноҳларига тавба қилиш. Аммо тавба қилмай, Аллоҳ таолодан ўз орзуларини рўёбга чиқаришини сўраш талабдир, дуо эмас. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ дуо ҳақида яна бу ндай дейди: “Дуонинг (ижобат бўли ши учун) арконлари, қанотлари, сабаблари ва вақтлари бор. Агар дуо арконларига мувофиқ келса, кучли бўлади. Агар дуо қанотларига мувофиқ келса, кўкка қараб парвоз қилади. Агар дуо (ижобат) вақтларига мувофиқ келса, муваффақият қозонади. Агар дуо сабабларига мувофиқ келса, зафар қучади. Бас, дуонинг арконлари – қалб ҳозирлиги ва хушу, қанотлари – ростгўйлик, вақтлари – саҳар пайтлари ва сабаблари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллашдир. Дуонинг шарти – лаҳн (хато)дан холи бўлмоқлигидир”.
Ким юқоридаги кўрсатмаларга мувофиқ дуо қилса, албатта, унинг дуоси мақбул ва ижобат бўлади.
Баъзи уламолар Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига дуонинг ижобат бўлиши учун ҳаром ишлардан четланиш, еб-ичмоқ, кийим-кечак поклиги ва силаи раҳмни узмасликни қўшимча сифатида илова қилганлар. Ундан ташқари, муборак замонлар ва маконларда қилинган дуолар ҳам мустажоб бўлади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, дуо бандаликнинг энг ёрқин белгисидир. Умра ибодати ҳам шундай. Демак, банда умра асносида ҳар икки ибодатни сидқидилдан бажарса, убудиятнинг энг юқори чўққисини намоён этган бўлади.
“Умра улуғ ибодат” китобидан
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: «Shamsuddinxon Boboxonov» НМИУ
Сана:2023 йил
Ҳажми: 272 бет
ISBN: 978-9943-12-684-8
Ўлчами: 60х84 1/32
Муқоваси: юмшоқ