Рўза танани тозалашга ёрдам беради
Рамазон ойида рўза тутиш нафақат инсоннинг руҳий ҳолатига фойда келтиради, балки танадаги юкларни тушириш ва тозалашга ёрдам беради.
Бу ҳақда Туркия соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли 29 май давлат касалхонасининг овқатланиш ва диетология бўйича мутахассиси Ҳикран Кeремезли Аксан Анадолу агентлиги мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
Мутахассис сурункали хасталиклари, қандли диабет ёки бошқа соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дучор бўлганлар рўза тутишдан олдин шифокорлардан маслаҳат олишлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирди.
Унинг сўзларига кўра, саҳарликка оқсилга бой таомларни танлаш керак, чунки улар танани тўйинтиради. «Пишлоқ, тухум, йогурт ва сут каби тузи кам бўлган таомларга афзаллик берилади», — дея қўшимча қилди у.
Агентлик суҳбатдошининг қайд этишича, ифторликни хурмо ва бир стакан сув ичишдан бошлаш тавсия этилади. “Кейин овқатни бир пиёла шўрва ва нозик бир бўлак бутун дон ёки жавдар нони билан давом эттириш мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, тўйиш ҳисси биринчи 10-15 дақиқада пайдо бўлади.Шунингдек, овқатни секин-аста майда бўлиб, яхшилаб чайнаш тавсия этилади», – деди шифокор.
Унинг сўзларига кўра, ифторни асосий таом сифатида гўшт ва сабзавотлар билан давом эттириш мумкин.
Шунингдек, у суюқлик танқислигини олдини олиш учун саҳарлик пайтида 3-4 истакон сув ичишни маслаҳат берди.
Аксан, ифторликдан 1-1,5 соат ўтгач, ўртача тезликда 30-45 дақиқа енгил ва ўртача юришнинг соғлиқ учун фойдасига эътибор қаратди.