Ҳидоят ва залолатни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратади
Ҳидоят ва залолат эътиқодий масала ҳисобланиб, ақоид китобларимизда батафсил баён қилинган. Ушбу ҳадис: “Инсон ўз амалини ўзи яратади, бунга Аллоҳ аралашмайди”, дейдиган мўътазилалар ва: “Инсон ҳеч бир ишни ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг мажбурлаши остида амалга оширади. Инсон бу дунёда мисоли сувга ташланган чўпдек. Оқим уни қайси тарафга оқизса, у ўша томонга кетаверади”, дейдиган жабриялар қарашларига раддиядир. Мўътазилалар қарашларига кўра, Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларига нуқсон етади. Чунки бунда дунёда Аллоҳнинг иродаси, қудрати, Унинг холиқлигидан ташқари нарсалар ҳам бор, деган маъно келиб чиқади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг иродаси шомил, қудрати чексиз, холиқлиги ягона бўлмай қолади. Жабрияларнинг қарашларига кўра, унда Аллоҳ таолонинг адолат сифатига футур етади. У Зот одил эмас, жабр қилувчи бўлиб қолади. Чунки бандани Аллоҳнинг Ўзи ҳар ишга мажбурлаб, кейин сўроқ қилиб, “Бу ишни нима учун қилдинг”, дея жазолаши жабрдир. Ҳар иккала қараш ҳам мутлақо нотўғри!
Энг тўғри эътиқод аҳли сунна вал жамоанинг ихтиёр қилган йўлидир. Унга кўра, инсоннинг ўзини ҳам, унинг қиладиган амалини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратади. Бу борада оят ҳам бор. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Аммо бундан инсон ўз ишларини мажбур бўлиб қилади, деган маъно чиқмайди. Инсон ихтиёри ила амалга оширадиган ишларнинг вужудга келиши икки нарсага боғлиқ: ўша иш учун зарур бўлган омиллар ва инсоннинг ўша ишга йўналиши. Инсоннинг мана шу йўналиши ақоид фани тилида “жузъий ихтиёр” дейилади. Инсон ана ўша ихтиёри учунгина жавобгар бўлади.
Ташқи омилларни яратиш ва вужудга келтиришга келсак, бу ишга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Демак, ҳидоят ва залолатни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратиб беради. Фақат одоб юзасидан ёмон амалларни У Зотга нисбат бермаймиз. Банданинг вазифаси залолатга олиб борадиган ишлардан эҳтиёт бўлиш баробарида ундан доимо паноҳ сўраш, ҳидоятга сабаб бўладиган амалларни қилиш ва Аллоҳ таолодан ҳидоятда собит этмоғини ўтинишдир. Залолат (тўғри йўлни йўқотиш) жуда катта хатардир. Инсон учун бундан ортиқ мусибат бўлмайди. Ҳидоят (тўғри йўлни топиш) энг катта саодатдир.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws