Барака бериладиган амаллар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарлик қилинглар, албатта, саҳарликда барака бордир”, деб марҳамат қилдилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликнинг ҳаммаси баракадир. Уни тарк қилманглар. Гарчи сизлардан бирингиз бир қултум сув бўлса ҳам ютиб қўйсин. Чунки Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтишади” (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадислар саҳарлик қилишда кўп яхшилик, хайр-барака борлигига далолат қилади. Унинг хайру баракаси дунёвий ишларга ҳам, охират ишларига ҳам бирдек тааллуқлидир. Дарҳақиқат, саҳарлик қилиш рўзадорда тетиклик ва фаолликни оширади, одатдагидан кўпроқ очликни енгишида баданига қувват бўлади. Бу билан у суннатга эргашади, саҳарлик қилмайдиган аҳли китобларга хилоф қилади, дуолар ижобат бўладиган вақтларни топади ва нафсини кечанинг охирида таҳажжуд ўқиш, ибодат қилишга одатлантиради.
Ифторни тезлатиш
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Модомики, ифторни тезлатишар экан одамлар яхшиликда бардавом бўладилар”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Мен учун бандаларимнинг энг суюклиси ифторни тезлаштирадиганларидир”» (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадислар қуёш ботиши билан ифтор қилишга шошилиш мустаҳаб эканига далолат қилади. Ифтор вақти кириши билан оғизни очиш яхшиликда бардавом бўлиш ва Аллоҳнинг суйган бандаларидан бўлишнинг сабабларидан биридир. Чунки бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиш ва нафснинг тақозосига кўра иш тутиш бор. Зеро, тириклигининг асоси бўлган еб-ичишдан кун бўйи тийилиб турган саломат нафс унга етишиш онларини интиқлик билан кутади.
Ифторни шошилтиришдаги ҳикмат шуки, рўзани кундуздан ошириб юбормасликда рўзадор учун енгиллик бор. Қолаверса, оғиз очишга шошилган банда ўзининг ожизлигини изҳор қилган бўлади.
Хурмо билан оғиз очиш
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан бирингиз оғиз очмоқчи бўлса, қуруқ хурмо билан очсин. Агар тополмаса, сув билан очсин. Зеро, у покдир” (Бешовлари ривоят қилишган).
Ҳадисдан оғизни хурмо билан, тополмаса, сув билан очиш мустаҳаб экани келиб чиқади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз (шомни) ўқишдан олдин янги етилган хурмолар билан оғизларини очар эдилар. Янги етилган хурмолар бўлмаса, қуруқ хурмолар билан (очар), қуруқ хурмолар бўлмаса, сувдан бир неча қултум ютиб қўяр эдилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Хурмо таркибидаги шакар моддаси тез сўрилиб, осон ўзлашганидан, ҳазмининг енгиллигидан баданнинг таомга бўлган эҳтиёжини қондиришда фойдалидир. Қуруқ хурмо эркак киши учун тўлиқ таом бўла оладиган озуқани ўз ичига олади. Янги етилган хурмо қуруғига қараганда ошқозон учун анча енгил. Агар улар бўлмаса, бошқа ширинликлар билан ҳам оғиз очиш мумкин. Чунки уларнинг ҳазми енгил ва жисмда йўқотилган қувватнинг ўрнини тез қоплаш қобилияти бор.
Сувнинг пок деб сифатланиши шундаки, бошқа нарсани тановул қилишдан олдин уни ичиш ошқозонни таом учун тайёрлайди.
Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадисидан ифторнинг намоздан олдин экани маълум бўлади. Лекин бу шом намозини шошилтиришга халал бермайди. Чунки бир нечта хурмоларни еб олишга кўп вақт кетмайди.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВтайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2024 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws