“Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар!”
Қуръони каримда “тавба” сўзи ҳар хил муносабат билан 87 ўринда келган. Бу ҳам тавбанинг нақадар аҳамияти катта эканини кўрсатади. Кўпгина ҳадисларда ҳам гуноҳга қўл урган бандани тавбага чақирилади. Банданинг ҳаётида тавба муҳим ўрин тутади ва уламоларимиз уни фарзи айн, деганлар.
Тавба катта мавзу бўлгани учун бир оят ва бир ҳадисни келтириш билан чекланамиз. Бошқа ўринда бу мавзуга алоҳида тўхталамиз.
“Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Моида сураси, 39-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кунда Унга юз марта тавба қилурман”, дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган, гуноҳ қилишдан сақланган бўлсалар-да, ҳар куни юз марта истиғфор айтиб, юз марта тавба қилардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги тавба қилишга бўлган амрига мувофиқ умматларига ибрат ва даражотлари янада юксак бўлиши учун қилардилар.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм