Ватанни севиш ва унга ошиқишнинг ҳукми
Уламолар ватанни севиш ва унга ошиқишни мустаҳаб, дейдилар.
Далиллар
1-далил
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби) уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”.
Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорис ибн Умайр Ҳумайднинг “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар” ривоятини зиёда қилган» (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ: Ибн Ҳажар ва Бадруддин Айний раҳматуллоҳи алайҳимо: “Ҳадисда Мадинанинг фазилати, ватанни севиш ва унга ошиқишнинг шариатда борлигига далил мавжуд”, деганлар. “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар” иборасини “Саҳиҳи Бухорий” шориҳларидан бири Ибн Баттол раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича изоҳлаган: “…уни севганларидан…” Чунки у (Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) Ватани эди. Унда энг суюкли инсонлари – оиласи ва фарзандлари бор эди. Ватан муҳаббати ва унга ошиқишни Аллоҳ таоло қалбга жойлаб қўйгандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни қилдилар – у зотда энг гўзал намуна бор – ва умматнинг сафарлари тугаганидан сўнг аҳлига тезроқ қайтишга буюрдилар”.
2-далил
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради”, дедилар» (Имом Дорақутний, Ҳоким ва Байҳақий ривояти. Имом Заҳабий “Муҳаззаб”да санади кучли, деган).
Шарҳ: Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ҳадисни шарҳлаб, ватанга шошилишни мустаҳаб деган. “Аҳл”дан мурод гарчи у ерда аҳли (оиласи) бўлмаса-да, ватандир, деган.
Муҳаммад Зурқоний раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳуз Зурқоний ъала муваттоил имам ал-Молик” китобида ҳадис шарҳида айтади: “Ҳадисдан оиладан (ватандан) заруратсиз узоқлашишнинг макруҳлиги ва, айниқса, ҳалокатга учраш хавфи бор кишилар бўлса, унга тезроқ қайтиш мустаҳаб экани, Ватанда истиқомат қилишда роҳат, дин ва дунё ислоҳи учун кўмак, жамият ва жамоатни барпо қилиш ҳамда ибодатларга қувват борлиги тушунилади”.
3-далил
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Сафар азобнинг бир бўлагидир. Сизларни таом, шароб ва уйқудан тўсади. Қай бирингизнинг сафардан мақсади ҳосил бўлса аҳлига шошилсин”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ: Ибн Баттол раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис шарҳида айтади: “Ҳадисдан мусофир ҳожати раво бўлганда аҳлига тезроқ қайтиши мустаҳаблиги ва унга тарғиб тушунилади”.
“Исломда ватан тушунчаси” китобидан
Муаллиф: Шайх Нуриддин Холиқназар
Нашриёт: “Shamsuddinxon Boboxonov”
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-12-672-5
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
http://hidoyatuz.taplink.ws